Temu Ўзбекистонда блокланди

Жамият

image

Бугун, 20 мартдан бошлаб Ўзбекистонда Хитойнинг Temu маркетплейси ишлашида узилишлар кузатилмоқда. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги матбуот хизмати билан боғланди.

Унинг билдиришича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 885-сон қарорининг 2-банди билан электрон тижорат операторлари, хусусан электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган (ушбу норма қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди).

Мамлакат фуқароларига хизмат кўрсатувчи хорижий электрон савдо платформалари фаолиятини ўрганиш жараёнида айрим электрон савдо платформалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётганлиги аниқланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ, бугун, 20 мартдан бошлаб хорижий электрон савдо платформаларидан, хусусан, Temu платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланмоқда.

Айни дамда ўзбекистонликлар Temu иловасидан фойдаланиши мумкин, бироқ унинг фаолиятида маълум камчиликлар кузатилмоқда. Маркетплейснинг расмий сайтига эса кириш имконсиз. Сайтга мурожаат қилинганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ׅБутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ахборот ресурсига чеклов ўрнатилгани бўйича ахборот ойнаси чиқади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Temu онлайн маркетплейси Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтгани хабар қилинганди. Солиқ қўмитасига кўра, Temu маркетплейси юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси резиденти сифатида рўйхатдан ўтган. Бироқ ўтган даврлар учун маркетплейс билан муҳокама қилинадиган масалалар мавжуд. Ҳозирда музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу жараён якунига етказилиб, унинг фаолияти юзасидан якуний хулоса эълон қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Temu маркетплейс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг