ТДТ Ташқи ишлар вазирлари Қозоғистон масаласида машварат ўтказади

Жамият 3992
image

Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари жорий йилнинг 11 январь куни ўтказиладиган фавқулодда йиғилишда Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилади. Бу ҳақда Ташкилот сайтида хабар берилди. 

Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни бирлаштирган. Туркманистон ва Венгрия унинг фаолиятида кузатувчи сифатида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркий тилли давлатлар ташкилоти Қозоғистондаги вазиятни кузатиб бораётгани, барча аъзо давлатлар Қозоғистонга ҳар қандай ёрдам беришга тайёр эканини билдирган эди. 

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди.  Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди

 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 3
t
×