“Ташқи аралашув йўқ”. Макрон Франциядаги намойишлар ҳақида гапирди

Олам

−

image

Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакатда юз берган тартибсизликлардан хорижий етакчилар сайловолди мақсадларида фойдаланаётганини айтди. Шунингдек, у айрим сиёсатчиларни Франциядаги воқеалар ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатишда айблади. Бу ҳақда у кеча, 21 октябрь куни Яқин Шарққа сафари давомида, Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида журналистлар билан суҳбатда гапирди.

У аниқ номларни айтмаган бўлса-да, баёнотлари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва АҚШ Президенти Дональд Трампга қаратилгани тахмин қилинмоқда. Ҳар икки сиёсатчи Франциядаги тартибсизликлар ҳақида кескин фикр билдирган.

“Содир бўлган воқеаларда ҳеч қандай ошкора ташқи аралашув кўринмаяпти, бироқ ушбу воқеалардан сўнг ахборотни хориждан туриб манипуляция қилиш ҳолатлари кузатилди”, дейди Макрон.

Хусусан, Нетаньяху Францияда “экстремистик ислом босқини” юз берганини айтган. Трамп эса мамлакатдаги зўравонликларни оммавий миграция билан боғлаб, Франция чегараларини ёпишга ва вазиятни назоратга олишга чақирган.

Макрон эса Францияда тартибсизликлар юз берган пайтда хорижий аралашув аломатлари кўринмаганини, бироқ воқеалардан кейин ахборот манипуляцияси кузатилганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, айрим хорижий етакчилар сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта видеолар таъсирида нотўғри баёнотлар берган.

“Ҳозирда мамлакатимиз ҳақида ёмон гапираётганларнинг бари юртимизни севмайдиган одамлардир. Шунга кўра, бундай одамлар ғашимни келтиради”, дейди Макрон ва айрим хорижий етакчиларнинг изоҳларини қабул қилиб бўлмас ва аҳмоқона деб атаган.

Маълумотларга кўра, Францияда яшаш харажатларининг ошишига қарши норозилик намойишлари фонида бошланган тартибсизликлар Париж, Лион, Марсель ва Ницца каби шаҳарларга тарқалган. Намойишлар вақтида полиция билан тўқнашувлар, биноларга зарар етказиш ва дўконларни талаш ҳолатлари кузатилган.

Франция ҳукуматига кўра, тартибсизликлардан кейин қарийб 150 киши қамоққа олинган, 800 нафардан ортиқ шахс судга тортилган. Аввалроқ, Макрон зўравонликларда ўта сўл гуруҳларни айблаб, тартибни бузганларга нисбатан муросасиз чоралар кўрилишини билдирган эди.

Текширувга кўра, ижтимоий тармоқларда Франциядаги воқеалар ҳақида тарқалган айрим видеолар сохта бўлган. Нашр 15 дан ортиқ шундай видеони ўрганган ва уларнинг бир қисми Россия билан боғлиқ “Matryoshka” номли дезинформация амалиётига алоқадор бўлиши мумкинлигини аниқлаган.

Видеоларда Франциянинг “Le Monde”, “Euronews” ва “France 24” каби нашрлари дизайнига ўхшаш белгилар ишлатилган. Мутахассисларнинг фикрича, бундай материаллар тартибсизликлар кўламини сунъий равишда катталаштириш ва жамоатчиликни чалғитишга хизмат қилиши мумкин.

Бундан ташқари, Парижда кекса жуфтлик талаб кетилиб, кийимсиз қолдирилганини кўрсатувчи сунъий интеллект ёрдамида яратилган тасвир ҳам ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган. BBC ушбу тасвирни Исроилга оид янгиликлар эълон қилувчи кичик сайт раҳбари Сабрина Ҳания яратганини аниқлаган. Унинг айтишича, тасвир ChatGPT ёрдамида, асл суратдан фойдаланмасдан тайёрланган.

Тасвир кейинчалик айрим фойдаланувчилар томонидан сунъий интеллектда яратилгани ҳақидаги белгиларсиз тарқатилган ва олти миллиондан ортиқ кўриш тўплаган. Ҳания тасвир контекстдан узиб тарқатилгани ва кўплаб одамларни чалғитганидан афсус билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда оммавий тартибсизликлар оқибатида суғурта компанияларининг зарари 1,2 миллиард еврога етиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. https://qalampir.uz/news/frantsiyadagi-tartibsizliklar-1-2-mlrd-yevro-zarar-keltirgan-bulishi-mumkin-144942


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг