Ташиев президентлик сайловида қатнашмаслигини айтди
Олам
−
15:11 1802 4 дақиқа
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раиси Қамчибек Ташиев 2027 йилда бўлиб ўтадиган мамлакат президентлиги сайловида ўз номзоди билан қатнашмаслигини маълум қилди. Ташиевнинг бу ҳақдаги баёнотини бугун, 16 июль куни “Регион” телеканалининг собиқ бош директори Ўткирбек Раҳмонов ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилди.
Ташиевнинг билдиришича, сўнгги вақтларда 2027 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови ҳақида унинг номи аралаштирилган турли ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда. Шунинг учун халқ орасида турли тахминларга ўрин қолдирмаслик мақсадида МХДҚ собиқ раиси ўз позициясини очиқ ва аниқ баён қилишни тўғри деб билган.
“Биринчидан, мен 2027 йилги президентлик сайловида иштирок этмайман. Бу ҳақда аввал ҳам бир неча бор аниқ айтганман. Бугун ҳам шу қатъий сўзимдан қайтмайман! Менинг позициям ўзгармаган ва ўзгармайди!”, деган у.
Шунингдек, Ташиев келгуси сайловда амалдаги Президент ва яқин дўсти Садир Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтган.
“Иккинчидан, мен 2027 йилги президентлик сайловида Қирғиз Республикаси Президенти, Олий бош қўмондон Садир Нурғожоевич Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бу ҳам менинг анчадан буён айтиб келаётган қатъий позициям эканини биласизлар”, деб айтган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси.
Бунга сабаб қилиб Ташиев мамлакат барқарорлиги, давлат манфаати ва халқ бирлиги ҳамма нарсадан устун туришини билдирган.
“Мен давлатпарвар ва ватанпарвар инсон сифатида дўстим Садир Нурғожоевични қўллаб-қувватлайман. Дўстимни қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз бирлигини ва Қирғизистонимизнинг келажагини қўллаб-қувватлаётганимга ишонаман”, деган у.
Қамчибек Ташиев ўз баёноти орқали виждони пок эканлигини, ватани олдида ҳалол ҳизмат қилиб келаётганини айтган. Шу билан бирга, у номидан фойдаланиб миш-мишлар тарқатаётганларни “бузғунчи” деб атаб, уларга ишонмасликка чақирган. Унинг сўзларига кўра, бундай фитналар бирликка таъсир қилади.
Шунингдек, хабарларга кўра, Ташиев ўз баёнотида яқин дўсти – Президент Жапаровга кичик мессеж ҳам йўллаган.
“Дўстликнинг муқаддас аҳдини ҳар қандай шароитда ҳам сақлаш орқали биз келажак авлодга намуна бўламиз!”, деб айтган яқиндагина давлат тўнтаришида айбдор деб топилган Ташиев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчибек Ташиев МХДҚ раиси лавозимидан кетганидан сўнг у 2027 йилнинг январь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этишни режалаштиргани ҳақидаги талқинлар билдирилган эди.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси