Судланган Ташиев президентлик сайловларида қатнаша оладими?
Олам
−
13:32 5024 6 дақиқа
Қирғизистонда сўнгги йилларнинг энг шов-шувли сиёсий ишларидан бири – “75 лар хати” деб номланган иш бўйича ҳукм чиқарилди. Судланувчилар курсисидан бундан атиги ярим йил олдин мамлакат ҳокимияти чўққисини уларсиз тасаввур қилиш қийин бўлган шахслар жой олди: собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, Жогорку Кенеш (парламент) собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раиси Қамчибек Ташиев.
Улар билан бирга ҳокимиятни зўрлик билан тортиб олишга тайёргарлик кўриш иши бўйича мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш тўғрисидаги шов-шувли мурожаатга имзо чеккан беш киши ҳам бор. Айнан ўша ҳужжат “75 лар хати” номини олган эди. Улар орасида бош вазир аппаратининг собиқ раҳбари Бекболот Талғарбеков, Жогорку Кенеш собиқ депутати Аали Карашев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмиль Узоқбоев, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ва президентнинг парламентдаги собиқ мухтор вакили Қурманбек Дийканбоев бор.
Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди саккиз кишини ҳам айбдор деб топди ва уларнинг ҳар бирига мол-мулкини мусодара қилган ҳолда, 3 йиллик пробация назоратини қўллаб, 4 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Маҳкумларнинг аксарияти адвокатлари ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида эканликларини маълум қилди.
Пробация назорати нимани англатади?
Ҳукм қонуний кучга кирган тақдирда, жазонинг ижро этилишини Адлия вазирлиги ҳузуридаги Пробация департаменти назорат қилади. Маҳкумлар ҳисобга қўйилиб, инспекторларга бириктирилади. Идора томонидан тушунтирилишича, ҳукм кучга киргандан сўнг, маҳкумлар 10 кун ичида яшаш жойидаги пробация органига мурожаат қилиши, Қирғизистон ҳудудидан ташқарига чиқмасликлари, яшаш, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида инспекторни хабардор қилиши, шунингдек, ойига икки марта рўйхатдан ўтиш ва профилактик суҳбатлар учун келишлари шарт.
Ушбу талаблардан ташқари, суд маҳкумлар зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклашга ҳақли. Масалан, маълум бир шахслар билан алоқада бўлиш ва айрим жойларга ташриф буюришни тақиқлаш, қарамликдан даволаниш курсларини ўташ, шунингдек, ахлоқан тузалишга қаратилган бошқа чоралар. Пробация шартлари бузилган тақдирда, суд уни ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштириши мумкин.
Бундан олдинроқ Биринчи май туман суди матбуот хизмати судья Азирет Медеров нима учун иш фигурантларини колонияга юбормасдан, уларга нисбатан пробация қўллаганига изоҳ берган. Жиноят охиригача етказилмагани ва тайёргарлик кўриш босқичида тўхтаб қолгани алоҳида қайд этилган. Шунингдек, суд жиноий ниятнинг амалга оширилиш даражасини ва судланувчиларнинг шахсини ҳисобга олиб, улар жамиятдан ажралмаган ҳолда ҳам ахлоқан тузалиши мумкин деган хулосага келган.
Бунга Қамчибек Ташиевнинг нима алоқаси бор?
Воқеалар тарихига қайтилса, Қамчибек Ташиев 10 февраль куни МХДҚ раиси лавозимидан озод этилган эди. Ундан бир кун олдин интернетда президент Садир Жапаров ва Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғлига мамлакатда муддатидан олдин давлат раҳбари сайловларини ўтказиш таклифи билан жамоавий мурожаат пайдо бўлди. Ҳужжатни 75 нафар жамоат ва сиёсат арбоблари имзолаган. Кейинчалик уларнинг беш нафари жиноят иши фигурантига айланди.
Ташиев истеъфога чиққанидан сўнг дарҳол жамиятда унинг ушбу мурожаатга алоқадорлиги эҳтимоли муҳокама қилина бошлади. Бироқ қирғизистонликларга айнан у “75 лар хати” ташкилотчиси ёки ташаббускори бўлгани ҳақида тўғридан тўғри далиллар тақдим этилмади.
Бундай тахминларга унинг мурожаат муаллифларидан бири Бекболот Талғарбеков билан узоқ йиллик муносабатлари билвосита асос бўлди. МХДҚ собиқ раҳбари уни ўз устози деб атарди. Маълумки, Талғарбеков 2011 йилги президентлик сайловларида Қамчибек Ташиевнинг сайловолди штабида ишлаган, баъзи маълумотларга кўра эса унга раҳбарлик қилган. ОАВда Талҳарбеков Ташиевга “ўкўл ата” (маънавий ота) ҳисобланиши ҳақида ҳам хабарлар тарқалди, аммо бу маълумот расман тасдиқланмаган.
МХДҚ раиси истеъфосидан кейин ижтимоий тармоқларда Қамчибек Ташиев “75 лар хати” бир нечта муаллифлари билан бирга акс этган фотосурат жойлаштирилди. Суратда унинг ёнида кейинчалик ушбу иш бўйича маҳкум қилинган Бекболот Талғарбеков, Аали Карашев ва Эмиль Узоқбоев турганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, ушбу сурат қачон, қаерда ва қандай шароитда олингани номаълум.
Қамчибек Ташиевни давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда оммавий равишда айблаган кам сонли шахслардан бири Жогорку Кенеш депутати Эльвира Сурабалдиева бўлди. У бундай баёнотни апрель ойи охирида қозоғистонлик журналист Нурсеит Жилқишбайга берган интервьюсида айтган.
Президент Садир Жапаров ҳам ўзининг яқин дўсти истеъфоси сабаблари ҳақида бир неча бор фикр билдирди. Бунда у Ташиев “75 лар хати” муаллифи ёки ташкилотчиси эканини даъво қилмаган. Давлат раҳбарининг талқинига кўра, собиқ МХДҚ раҳбари айрим “депутатлик гуруҳлари” ва баъзи “оқсоқоллар“ ҳамда “кўксоқоллар” таъсири остида ушбу вазиятга аралашиб қолган.
“Мен бу тезкор қарорим билан, аксинча, дўстимни асраб қолдим деб ҳисоблайман. Чунки унинг ёнида юрган, уларни “оқсоқоллар“ ёки “кўксоқоллар” деб атайдиган кимсалар барибир дўстимни тўғри йўлдан оздиришаётган эди. Улар Қамчибек Ташиевнинг номидан калтак сифатида фойдаланиб, парламент депутатларига, масъул давлат хизматчиларига, шунингдек, жамиятда танилган инсонларга: “Генерал томонга ўтинглар”, деган сўзлар билан мурожаат қила бошлашганди”, деган эди у.
Қамчибек Ташиевнинг ўзи айбини тан олмади. Суд жараёнида у айблов томони унинг ҳокимиятни зўрлик билан тортиб олишга тайёргарлик кўришга алоқадорлиги бўйича ҳеч қандай далил тақдим этмаганини таъкидлади ва прокуратурани асоссизлиги сабабли айбловлардан воз кечишга чақирди.
Махсус хизмат собиқ раҳбарининг баёнотларига қарамай, суд уни айбдор деб топди.
Ташиев президентлик сайловларида қатнаша оладими?
Қамчибек Ташиев МХДҚ раиси лавозимидан кетганидан сўнг у 2027 йилнинг январь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этишни режалаштиргани ҳақидаги талқинлар билдирилган эди. Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг июнь ойида Қирғизистонда президентликка номзодларга қўйиладиган талаблар кучайтирилди. Эндиликда қонун судланганлиги бор фуқароларга, жумладан, судланганлиги олиб ташланган ёки тугатилган шахсларга, шунингдек, жиноят ишлари реабилитация қилмайдиган асослар билан тугатилган шахсларга номзодини қўйишни тақиқлайди.
Биринчи май туман судининг ҳукми фақат апелляция шикояти бериш муддати тугаганидан кейин ёки Бишкек шаҳар суди томонидан иш кўриб чиқилганидан кейингина қонуний кучга киради. Маҳкумларнинг аксарияти адвокатлари, жумладан, Қамчибек Ташиевнинг ҳимоячиси Икромидин Айтқулов қарор устидан шикоят қилиш ниятида эканини билдирган.
Яъни, ҳозирча барча фигурантлар айбланувчи мақомида турибди. Бу ҳуқуқий жиҳатдан апелляция кўриб чиқилгунига қадар сайловда қатнашиш ҳуқуқи расман сақланиб қолишини англатади.
“Агар айблов ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган бўлса, чунки у устидан апелляция тартибида шикоят қилинган, шахс судланган ҳисобланмайди ва айбланувчи мақомида қолишда давом этади. Ҳуқуқий нуқтаи назардан бу шуни англатадики, у президентликка ёки парламент депутатлигига ўз номзодини қўйиши мумкин, чунки қонунда кўзда тутилган чекловлар унга нисбатан ҳали татбиқ этилмайди (“Президент ва Жогорку Кенеш депутатлари сайлови тўғрисида”ги конституциявий Қонуннинг 3-моддаси)”, дея қайд этган адвокат Замир Жоошев.
Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулова ҳам ишни кўриб чиқишнинг ушбу босқичида Қамчибек Ташиев президентликка номзодини қўйиши мумкинлигини тасдиқлаган. Бироқ унинг сўзларига кўра, бу ҳақда гапириш ҳали эрта – олдинда ҳали яна суд суриштирувлари турибди.
Шу тариқа, агар юқори суд ҳукмни ўзгаришсиз қолдирса ва у сайловгача қонуний кучга кирса, Қамчибек Ташиевнинг унда иштирок этиши имконсиз бўлиб қолиши мумкин. Аммо, агар иккинчи инстанция номзодларни рўйхатга олиш бошлангунига қадар ҳукм чиқаришга улгурмаса, у ҳолда МХДҚ собиқ раиси президентликка сайланиш учун тўлиқ ҳуқуққа эга бўлади.
Ташиевнинг ўзи эса ҳали лавозимдан кетмасидан олдин бўлажак сайловларда амалдаги президент Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини ва ўз номзодини илгари сурмаслигини бир неча бор ваъда қилган эди.
Live
Барчаси