Танзила Норбоева Гулжаҳон Йўлдошевага қамоқ эҳтиёт чораси тайинланишида судни айблади

Жамият 10342

Хабарингиз бор, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлими ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди. Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди. Орадан кўп ўтмай, унга нисбатан тайинланган қамоққа олиш эҳтиёт чораси уй қамоғида сақлашга ўзгартирилди. 

Бугун, 12 ноябрь куни Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Гулжаҳон Йўлдошева иши юзасидан муносабат билдирди. 

"Гулжаҳон Йўлдошева иши юзасидан суд органлари шошиб қарор чиқарган, деб ҳисоблайман. Масалан, шу аёлнинг боласи борлигини эътиборга олиб, ҳеч қаерга чиқмаслик кафолати билан уй қамоғи қўллаш мумкин эди. Ҳар хил йўллари бор эди. Суд бирданига қамоқ жазоси тайинлади. Биз фақат бу аёлни эмас, ҳамма аёлларни ҳимоя қиламиз, албатта. У ҳақиқатан жиноят содир қилган бўлса, жавоб бериши керак. Лекин чора сифатида биз ўз фикримизни айтдик. Прокуратура инобатга олди, лекин суд негадир четда қолиб кетди. Аслида суднинг қарори билан аёл ҳибсланган, лекин кейин прокуратуранинг мурожаати билан судгача озодликка чиқарилди", дейди Норбоева. 

У сўзида давом этаркан, мамлакатда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари мавжуд муаммоларни ўртага ташлади. Шу ўринда Наманганда МИБ ходимларининг қаршилик кўрсатиш ортидан ўзини аёл ўзини ёқиб юборишига ҳам муносабат билдирди. 

"Намангандаги аёлнинг ўзини ёқишида эса Мажбурий ижро бюросининг тўлиқ айби бор, деб ўйлайман. Мен Бош прокурор билан ҳам мулоқот ўтказдим. Чунки мажбурий ижро бюроси ҳозир прокуратурага бўйсунади. Аёл ноҳақ бўлиши мумкин, мулк ҳақиқатан нотўғри тақсимланган бўлиши ҳам мумкин. Лекин унинг ортида минг-минг сабаблар бор. Бу аёлнинг уйига қарор чиқариб берган ташкилотлар бор. Кадастр бор, ҳокимият бор. Уларнинг айби, мана шу воқеа билан тамом бўлди. Шунинг учун аввало ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтиришимиз керак. Ҳуқуқий маданиятни оширишимиз керак", дейди Сенат раиси. 

Гулжаҳон Йўлдошева иши

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 136
Рейтинг: 3
t
×