Талабаларнинг кутилмаган таътили бўйича изоҳ берилди

Жамият 10102
image

Аввалроқ, Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари талабалари мамлакатга коронавирус кириб келиши, унинг тарқалиши учун махсус чекловлар жорий этилгани сабабли икки ҳафта муддатга таътилга чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги ушбу мажбурий таътил бўйича изоҳ берди.

Унга кўра, вазирлик томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш  мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар белгиланди:

•    барча олий таълим муассасалари (ОТМ), академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 2020 йил 16 мартдан эътиборан ўқиш тўхтатилиб, ўқувчи-талабалар икки ҳафта муддатга (ҳозирча) таътилга чиқарилади;

•    бошқа вилоятлардан келиб, Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар автобус, поезд ва самолётларда доимий яшаш жойларига қайтиши учун қуйидаги манзилларда имтиёзли чипталар сотилиши йўлга қўйилади: 

- ЎзМУ,  вазирлик ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” маркази, ЎзДЖТУ, ТТА ТТЖ ва ўқув биноси, ТИҚХММИ ТТЖ, ТДПУ ТТЖ; 

•    вазирликда, ОТМларда (проректорлар, факультет деканлари, мураббийлардан иборат) штаблар тузилади ва талабаларнинг таътилга чиқиши билан боғлиқ ташкилий ишлар мувофиқлаштириб борилади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган. Ундан сўнг яна уч кишида коронавирус аниқланди.

Маълумот учун, дунё бўйича 156 740 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 5839 нафари вафот этган, 75 935 нафари касалликдан фориғ бўлган.

Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 252
Рейтинг: 3
t
×