Табиий маконимизда юзага келаётган таҳдидлар чегараларни тан олмайди – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
31 июл 2422 3 дақиқа
Ягона табиий маконда юзага келаётган таҳдидлар давлат чегараларини тан олмайди, шундай экан, уларга жавоб чоралари ҳам умумий бўлиши керак. Бу ҳақда бугун, 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида сўз очди.
Ўзбекистон етакчисининг айтишича, минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантиришга ўтиш вақти келди. Унинг тузилиши ҳамкорликнинг самарали институтлари, тармоқ идораларининг яқин муносабатлари, ҳудудларнинг тўғридан тўғри алоқалари ҳамда ривожланишнинг асосий йўналишларидаги узоқ муддатли қўшма дастурларга таяниши зарур.
“Минтақамизнинг халқаро субъект сифатидаги мақомини мустаҳкамлаган ҳолда давлатлараро ташкилотлар ва “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш лозим.
Савдо-иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, узлуксиз саноат-технологик занжирларни кенгайтириш, умумий рақамли хизматларни ривожлантириш ҳамда инвестиция платформаларини ишга тушириш бўйича келгуси қадамларни пухта ишлаб чиқиш лозим”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбарининг билдиришича, Марказий Осиё таълим, илм-фан ва катта маълумотлар соҳасида инновациялар бўйича рақобатбардош хабга айланиши керак. Бунга кадрлар салоҳияти, сунъий интеллект технологиялари, дата-марказлар ва энергетика қувватларини бирлаштирган яхлит инфратузилмани яратиш орқали эришиш мумкин.
“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим минтақавий кун тартибининг устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ягона табиий маконимизда юзага келаётган таҳдидлар давлат чегараларини тан олмайди, шундай экан, уларга жавоб чоралари ҳам умумий бўлиши керак.
Жорий йилги ёзнинг аномал даражада иссиқ келиши иқлим ўзгариши аллақачон иқтисодиёт, сув ва энергетика хавфсизлиги, одамларнинг саломатлиги ва ҳаёт сифатига тўғридан тўғри таъсир қиладиган омилга айланиб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Ана шундай янги хавф-хатарларга биргаликда мослашиш бўйича узоқ муддатли ечимларни топиш муҳимдир”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, ҳамкорликнинг ўзгармас устувор йўналишлари орасида гуманитар алоқалар муҳим аҳамият касб этади. Марказий Осиё халқлари асрлар давомида ёнма-ён яшаган, савдо-сотиқни ривожлантирган, билим ва маданий анъаналар билан ўзаро алмашган. Замонавий ҳамкорлик чуқурлашгани сари ҳамжиҳатлик туйғуси ҳам мустаҳкамланмоқда. Умумминтақавий ўзига хослик, халқларимизнинг миллий ўзлиги сақланган ҳолда босқичма-босқич шаклланмоқда.
“Ишончим комил, ушбу соҳадаги ишларнинг моҳияти сифат жиҳатидан ўзгариши халқларимиз ўртасидаги бирлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниш туйғусини мустаҳкамлайди”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича бугун айтиб ўтилган ташаббус ва таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва бутун қозоқ халқига янги Қурултойга сайловлар муваффақиятли ўтишини тилаган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Чўлпонотада бўлиб ўтаётган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви мажлисида Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизликнинг янги таҳдидларига биргаликда қарши туриши ва минтақанинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаши зарур эканини айтган эди. Шунингдек, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё ўз тарихидаги энг муваффақиятли даврни бошдан кечираётганини билдирди. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов эса жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик ҳудудида Марказий Осиё етакчилари ва Озарбайжон раҳбарининг маслаҳат учрашувини ўтказилишини эълон қилди.
Live
Барчаси