Имомали Раҳмон Марказий Осиёда йирик нефтни қайта ишлаш заводи қуришни таклиф қилди

Олам

image

Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизликнинг янги таҳдидларига биргаликда қарши туриши ва минтақанинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаши зарур. Бу ҳақда бугун, 31 июль куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Чўлпонотада бўлиб ўтаётган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви мажлисида сўз очди.

Имомали Раҳмон чиқишининг бошида Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга самимий қабул ва учрашувни ўтказиш учун қулай шароит яратилгани учун миннатдорлик билдирган.

У Тожикистон кўп томонлама ёндашувлар асосида ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг изчил тарафдори бўлиб қолишини айтган. Унинг сўзларига кўра, бугунги учрашув минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни биргаликда илгари суриш йўлларини муҳокама қилиш учун яхши имконият яратади.

Тожикистон Президенти дунё мураккаб даврни бошдан кечираётганига эътибор қаратган: геосиёсий кескинлик кучаймоқда, халқаро муносабатлар архитектураси ўзгармоқда, хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келмоқда, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эга глобал хавф-хатарлар ва таҳдидлар ортиб бормоқда. Бундай шароитда минтақа давлатларининг салбий ҳодисаларга самарали жавоб қайтариш ва юзага келаётган муаммоларга биргаликда ечим излаш қобилияти алоҳида аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, Раҳмоннинг фикрича, халқаро майдонда Марказий Осиёга ортиб бораётган қизиқиш савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш учун янги имкониятлар очади.

“Биз ушбу имкониятлардан халқларимиз манфаатлари йўлида максимал даражада самарали фойдаланишимиз, шу билан бирга минтақавий ривожланишнинг долзарб масалаларини илгари суришда барча томонлар учун мақбул бўлган ёндашувларни сақлаб қолишимиз керак”, дейди у.

Умумий устувор йўналишлар орасида Тожикистон Президенти транспорт коридорлари ва логистикани ривожлантиришни тилга олган. Унинг сўзларига кўра, энергетика, саноат, рақамлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ҳам доимий эътиборни талаб қилади.

Раҳмон минтақа мамлакатлари ва халқлари ўртасидаги дўстлик, ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришни ҳам муҳим йўналиш сифатида қайд этган.

У, шунингдек, хавфсизлик соҳасида, айниқса, анъанавий ва янги таҳдидларга қарши курашиш масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган.

Тожикистон Президентининг сўзларига кўра, олдинги саммитда давлат раҳбарлари ушбу сифатлардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида урғу берган. У эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқариш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга ўз мамлакати тайёрлигини тасдиқлаган.

Имомали Раҳмон энергетик хавфсизлик масаласига алоҳида тўхталиб, уни барқарор ривожланишнинг асосий омилларидан бири деб атаган.

У минтақавий ва жаҳон энергетика бозорларидаги кескин вазият Марказий Осиё мамлакатларига ҳам бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу мавзу минтақа етакчиларининг олдинги учрашувларида ҳам кўтарилган ва жорий воқеликни ҳисобга олган ҳолда биргаликда жиддий муҳокама қилишни талаб этади.

Аниқ чора сифатида Тожикистон Президенти Марказий Осиёда йирик нефтни қайта ишлаш заводи қурилишини ишлаб чиқишни таклиф қилган.

“Тегишли идораларимизга энг сўнгги технологияларни жалб қилган ҳолда минтақада йирик нефтни қайта ишлаш заводини қуриш масаласини ишлаб чиқишни топширишни таклиф қиламан”, дейди Раҳмон.

Унинг билдиришича, бундай лойиҳани амалга оширишда биринчи навбатда минтақа мамлакатларининг нефть маҳсулотларининг критик муҳим турларига бўлган ички эҳтиёжлари ҳисобга олиниши керак.

Якунда Имомали Раҳмон Марказий Осиёда қарор топган ўзаро ишонч, тушуниш ва қўллаб-қувватлаш муҳити бундан буён ҳам давлатларнинг энергетика ҳамда бошқа масалалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш учун ишончли асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирган.

У, шунингдек, учрашув натижалари бундан буён самарали ҳамкорликка, минтақанинг равнақига ва ундаги халқларнинг фаровонлигига хизмат қилишига умид билдирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг