Табиат “туҳфаси”: АҚШда ўрмон ёнғинлари тобора авж олмоқда (фоторепортаж)

Олам 4448
image

АҚШнинг Калифорния штатида Dixie деб номланган йирик ёнғин сўнгги бир неча кун ичида 110 минг гектардан зиёд майдонни қамраб олди. Бу ҳақда маҳаллий ўт ўчириш хизмати сайтида хабар берилган.  

Жорий йилнинг 14 июль куни Шимолий Калифорния штатининг Бьютт ва Плюмас округларида бошланган ёнғин сўнгги бир неча кун ичида жуда тез ўсган ва 110 минг гектар майдонни эгаллаган. Ёнғиннинг 35 фоизигина ўчирилган. 

Маҳаллий ўт ўчирувчилар бўлимининг хабар беришича, кучли шамол ва тик рельеф оловни ўчиришни қийинлаштирмоқда. Иссиқ, қуруқ об-ҳаво оловни ёйишда давом этиши кутилмоқда. 

3 август куни аланга натижасида тахминан 15 минг одам эвакуация қилинган. Ёнғин аллақачон 67 та уйни вайрон қилган. Аҳоли орасида қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. 

Шунингдек, Орегон штатида жорий йилнинг 6 июлидан бошлаб, Bootleg ёнғинлари давом этмоқда. Ўт ўчирувчилар маълумотларига кўра, у 167 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган. Қайд этилишича, бу ёнғин тахминан 84 фоиз ўчирилган. 

Миллий идоралараро ёнғинга қарши марказ маълумотларига кўра, 3 август ҳолатига 20 мингдан ортиқ ўт ўчирувчилар ва ёрдамчи ходимлар АҚШнинг 13 штатида 7 минг 560 квадрат километр майдонда 97 та катта, фаол ўрмон ёнғинларига қарши курашган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июлида Туркияда ҳам ўрмон ёнғинлари бошланди. Ёнғин мамлакатнинг бир қанча вилоятларига тарқалган. Шунингдек, Грецияда рекорд ҳарорат туфайли катта ёнғинлар содир бўлгани ҳақида хабар бергандик.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 114
Рейтинг: 3.1
t
×