Грецияда ёнғинлар: мамлакат 34 йил ичидаги энг кучли иссиқлик тўлқинига дуч келди
Олам
−
03 Август 2021
5361Грецияда рекорд ҳарорат туфайли катта ёнғинлар содир бўлди. Таъкидланишича, мамлакатда кеча, 2 август куни ҳаво ҳарорати 45 даражага етган.
Маълумотларга кўра, ўт ўчирувчилар юқори ҳарорат қайд этилган Пелопоннес яримороли ва Родос оролидаги йирик ёнғинларни тўхтатишга уринган. Мамлакат Бош вазири Кириакос Мицотакиснинг айтишича, Греция 1987 йилдан буён энг кучли иссиқлик тўлқинига дуч келган.
Афина миллий расадхонасига асосланиб хабар берилишича, ўтган шанба куни Пелопоннесда содир бўлган ёнғин 3 минг гектардан зиёд қарағай ўрмонлари ва зайтун боғларини қамраб олган.
Ҳукумат денгиз соҳилидаги бешта аҳоли пунктидан аҳолини эвакуация қилган. Камида саккиз киши куйиш ва нафас олиш муаммолари билан шифохонага ётқизилган.
Душанба ҳолатига кўра, ёнғинни назорат остига олишнинг иложи бўлмаган. Шу билан бирга, расмийлар Родос оролидаги ёнғинлар билан боғлиқ вазият яхшиланганини эълон қилган. Таъкидланишича, оролдаги ёнғин “деярли назорат остида”. Родосда электр тармоғига ҳам зарар етган, бироқ кейин тикланган.
Қайд этилишича, 1 август куни ҳукумат оролнинг “Капалаклар водийси” деб номланган марказий ҳудудини эвакуация қилган. Ушбу ҳудуд кўп туристлар келиши билан машҳур.
Метеорология хизмати маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб минимал ҳарорат 26-27 даражадан пастга тушмайди, бу эса “ноқулайлик ҳисси”ни оширади.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 июлида Туркияда ҳам ўрмон ёнғинлари бошланди. Ёнғин мамлакатнинг бир қанча вилоятларига тарқалган. Уларнинг ичида энг азият чеккани сайёҳлик вилояти — Анталия бўлиб турибди. Ёнғинлар оқибатида 6 киши ҳалок бўлган ва 180 дан ортиқ киши жароҳатланган. Туркия Президенти зарар кўрган ҳудудларни фалокат ҳудуди, деб эълон қилган.