“Свет” ва газ учун олдиндан тўлов қилганларга эски тариф 2 ойгача амал қилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар жорий этилиши режалаштирилган. Агар электр ва табиий газ учун тўлов олдиндан амалга оширилса, эски тарифлар икки ойгача амал қилишда давом этади. Мазкур маълумотни Энергетика вазирлиги QALAMPIR.UZ'га тасдиқлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, электр энергияси тарифлари ўзгарган тақдирда, маиший истеъмолчилар икки ойдан кўп бўлмаган муддатга етарли аванс мавжуд бўлса, қўшимча тўловдан озод қилинади. Бошқа истеъмолчилар, жумладан тадбиркорлар учун бу муддат бир ойдан ошмаслиги белгиланган.

Шунингдек, агар тарифлар ўзгарса, газ учун олдиндан тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан кўп бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади. Бунда ушбу давр мобайнида жисмоний шахс олдиндан тўлов миқдоридан ортиқча газ истеъмол қилмаслиги зарур.

1 апрелдан газ ва электр энергияси тарифлари ўзгаради

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукумат қарори билан ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2024−2025 йилларда босқичма-босқич ўзгарадиган янги нархлари ҳамда аҳоли учун электр-энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланганди.

Қарорда 1 апрелдан босқичма-босқич ўзгарадиган нархлар ҳам белгиланган. Хусусан, апрелдан бошлаб электр энергияси нархи истеъмолчиларнинг I ва II гуруҳига кирувчи қисмига ўзгаришсиз, яъни 1 кВт/соат учун 1 000 сўмдан етказилади.

III гуруҳ истеъмолчилари, шунингдек, марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб, қуйидагича белгиланмоқда:

  • ойига 200 кВт/соатгача — 300 сўм;
  • ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт·соатгача — 500 сўм;
  • ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт·соатгача — 750 сўм;
  • ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт·соатгача — 875 сўм;
  • ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори — 1 000 сўмдан.

Қолган маиший истеъмолчилар учун эса бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб, қуйидагича белгиланади:

  • ойига 200 кВт/соатгача — 600 сўм;
  • ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт·соатгача — 1 000 сўм;
  • ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт·соатгача — 1 500 сўм;
  • ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт·соатгача — 1 750 сўм;
  • ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори — 2 000 сўмдан.

Истеъмолчиларнинг IV гуруҳи ҳам кейинги йилнинг 1 апрелидан эътиборан бир кВт/соат электр энергияси учун 1 000 сўмдан тўлайди.

Барча табиий газ истеъмолчилар учун тўлов миқдори бир кубометр учун 1 800 сўмдан этиб белгиланмоқда.

АГТКШлар учун бир куб метр табиий газ 2 500 сўмдан етказиб берилса, иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари бунинг учун 1 800 сўмдан тўлайди.

Аҳолининг коммунал-маиший эҳтиёжлар учун истеъмол қиладиган табиий гази учун нархлар ўзгаради. Яъни, 1 апрелдан ноябрь-февраль ойлари давомида бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб, қуйидагича белгиланади:

  • ойига 500 куб метргача — 1 000 сўм;
  • ойига 501 куб метрдан 2 500 куб метргача — 1 800 сўм;
  • ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача — 2 100 сўм;
  • ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача — 2 500 сўм;
  • ойига 10 001 куб метр ва ундан юқори миқдорда бир куб метр учун 3 000 сўм.

Март-октябрь ойларидаги бир ойлик истеъмол учун эса қуйидагича ҳақ тўланади:

  • ойига 100 куб метргача — 1 000 сўм;
  • ойига 101 куб метрдан 2 500 куб метргача — 1 800 сўм;
  • ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача — 2 100 сўм;
  • ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача — 2 500 сўм;
  • ойига 10 001 куб метр ва ундан юқори миқдорда табиий газ истеъмол қиладиганлар бир куб метр учун 3 000 сўмдан.

Маиший эҳтиёжлар учун сотиладиган суюлтирилган газнинг бир килограмми учун тўлов 2 000 сўм этиб белгиланади.


Мақола муаллифи

Теглар

электр энергияси тариф табиий газ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг