Сувайш канали Ever Given эгаси билан келишувга эришди
Олам
−
01 Июль 2021
5007Сувайш канали раҳбарияти жорий йилнинг март ойида каналга тиқилиб қолган Ever Given контейнер кемаси эгаси билан келишувга эришди. Маълум бўлишича, кема эгаси (компания —таҳр.) сув йўлига етказилган зарар учун 540 миллион доллар товон пули тўлайди. Бу ҳақда “Al Arabiya” телеканали манбаларига асосланиб хабар берган.
Уларнинг маълумотларига кўра, “принципиал битим имзоланган”, яъни, иккала томон ҳам шикоятлардан бош тортган. Бошқа тафсилотлар ҳозирча тақдим этилмаган.
Хабарга кўра, 23 июнь куни сув йўли раҳбари Усама Рабия Сувайш канали раҳбарияти Ever Given эгаси билан иккала томонга ҳам мос келадиган келишувга эришганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, 23 март куни Хитойдан Роттердамга кетаётган 400 метр узунликдаги Ever Given кемаси Сувайш каналининг 151-километрида саёзликка ўтириб қолганди. У орадан 6 кун ўтибгина сувга қайтарилди. Канал тўсилиб қолганида 400 дан ортиқ кемадан иборат навбат юзага келди.
Канал раҳбарияти кема эгасидан етказилган зарар учун 916 миллион доллар миқдорида товон пули тўлашни ҳамда контейнер кемасини қуруқликдан олиб чиқиш харажатларини талаб қилганди. Май ойида канал раҳбарияти гаров сифатида 200 миллион доллар нақд пул билан тўланиши шарти билан товон пули миқдорини 550 миллион АҚШ долларигача камайтиришга рози бўлганди.
LiveБарчаси