Миср Президенти Сувайш канали очилганини маълум қилди
Олам
−
29 Март 2021
5379Миср расмийлари Ever Given контейнер кемаси тўсиб қўйган Сувайш каналини очиш бўйича операцияни муваффақиятли якунлади. Бу ҳақда Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси маълум қилган.
"Бугун мисрликлар кўплаб техник қийинчиликларга қарамай, Сувайш каналидаги Ever Given кемаси билан боғлиқ инқирозни тугатишга муваффақ бўлди", деб ёзган Президент Twitter'да.
Шу билан бирга, у ушбу операцияда қатнашган барча мамлакат аҳолисига миннатдорчилик билдирган.
Президентнинг қўшимча қилишича, энди дунё ҳамжамияти Сувайш канали орқали товарларни бемалол олиб ўтишга ишонч ҳосил қилиши мумкин.
Аввалроқ, Сувайш каналида тиқилиб қолган Ever Given контейнер кемаси саёзликдан тортиб олиниб, шимол томон йўлга тушгани ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 мартга ўтар кечаси Хитойдан Нидерландияга йўл олган контейнерларни ташувчи энг йирик кемалардан бири Ever Given Сувайш каналига тиқилиб қолди. Шу муносабат билан 450 дан ортиқ кемаларнинг тирбандлиги юзага келди.
Маълумот ўрнида, Сувайш канали Европани Осиё билан боғловчи муҳим транспорт йўлаги ҳисобланади. Канал Ўрта ер денгизидаги Порт-Саид шаҳридан бошланиб, Қизил денгиздаги Сувайш портида ниҳоясига етади. Канал маъмурияти Порт-Фуадда жойлашган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15