Сув хўжалиги вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
Жамият
−
28 Февраль
7782Сув хўжалиги вазирига икки ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълумот берилди.
Хусусан, Тимур Бутунбоев Нурйигитович сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади. Бунгача у вазир ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.
Тимур Бутунбоев 1986 йил 6 ноябрда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2009 йилда Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2009 йилда Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИБ терговчиси сифатида бошлаган. 2010-2017 йилларда Ички ишлар вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаган. 2018-2024 йилларда Президент администрациясида масъул лавозимларда ишлаган.
Ҳабибулла Қувондиқов Отақулович эса вазир ўринбосари этиб тайинланди. 2023 йил июлдан бери ушбу лавозим бўш турганди.
Ҳабибулла Қувондиқов 1978 йил 13 июлда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, молия-кредит, молиявий таҳлил, суғурта, умумий менежмент, МБА Бизнес бошқаруви йўналиши бўйича таҳсил олган.
Шунингдек, у 1999 йилда Тошкент Молия институтини, 2006 йилда Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пойтахт Экология бошқармасига янги раҳбар тайинланган эди.