Эркинжон Турдимовга ходимларни суҳбат асосида ишга олиш ваколати берилади

Local

−

image

Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовга истисно тариқасида вазирликнинг марказий аппаратига 2027 йил 1 февралга қадар ходимларни тўғридан тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати берилади. Бу ҳақда Президент жорий йилнинг 19 октябрь куни имзолаган “Таълим ва илм-фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда белгиланган.

Қарорга кўра, Таълим ва илм-фан вазирлиги таълим, илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Вазирликда аутсорсинг асосида қуйидаги фаолият йўлга қўйилади:

  • аҳоли мурожаатлари, шикоятлари, таклифлари ва эътирозларини қабул қилиш, уларни тезкор кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотларга йўналтириш мақсадида “Call-марказ”;
  • аҳоли ҳамда таълим ва илм-фан тизими ходимлари билан тизимли мулоқотни таъминлаш, таълим хизматлари сифати, оммабоплиги ва мавжуд муаммолар юзасидан тезкор ахборот олиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида қайта алоқа тизими.

Таълим ва илм-фан вазири ҳузурида таълим олувчилар, талабалар, ота-оналар, педагоглар ва иш берувчилар вакилларидан иборат Таълим бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилади.

Вазирлик ҳайъати вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари, Вазирлик ҳузуридаги агентликлар директорлари, шунингдек, етакчи олий таълим ташкилотлари ректорлари, олимлар ва педагоглар орасидан 15 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Вазирга истисно тариқасида вазирликнинг марказий аппаратига 2027 йил 1 февралга қадар ходимларни тўғридан тўғри суҳбат асосида ишга қабул қилиш ваколати берилади.

Шунингдек:

  • Президент Администрацияси ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади;
  • Вазирлик ҳузурида Инсон капиталини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Таълим ва илм-фан бўйича стратегик тадқиқотлар ва баҳолаш маркази ташкил этилади;
  • Вазирлик ҳузурида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил қилинмоқда, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Таълимни ривожлантириш маркази фаолияти тугатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари учун масъул бўлган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовга бириктирилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар маълум бўлганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends