Сурхондарёлик чўпон қоровулни бўғиб, пичоқлаб ўлдирди
3-саҳифа
−
10 Январь
12555Сурхондарёда чўпонлик билан шуғулланиб келаётган эркак қотилликка қўл урди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Аниқлик киритилишича, судланувчи 1967 йилда туғилган. Воқеа фермер хўжалигида жойлашган оғилхонада содир бўлган.
Маълум бўлишича, судланувчи фермер хўжалиги қоровули билан тортишиб қолган ва уни қасддан ўлдириш режасини тузган.
Режа асосида дастлаб судланувчи марҳумни сомон ипи ёрдамида бўғиб, ҳушидан кетказади ва уни оғилхонага олиб келиб, пичоқ ёрдамида турли даражадаги тан жароҳатлари етказади.
Олган тан жароҳатлари оқибатида жабрланувчи воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, судланувчининг уйидан ноқонуний равишда сақланиб келган милтиқ ўқлари ҳам топилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми ва 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва кодекснинг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида эркак ўз аёлининг бошига болға билан уриб ўлдирганди. Суд ҳукми билан судланувчи эркакка Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисмига асосан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.