Сурхондарёда прокурор 10 минг доллар пора билан қўлга тушди
Олам
−
01 Июль
15315Сурхондарёда вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори 10 000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
29 июнь куни Сурхондарё вилояти прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори “ЕРС” МЧЖга сув тежовчи технологияларни ўрнатиш билан болиқ масалаларига кўмаклашиш эвазига фирибгарлик йўли билан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Шу куни Бош прокуратура ҳамда ДХХ ходимлари иштирокида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса фуқаро У.Х. (тадбиркор) “БДК” МЧЖ раҳбари А.Т.га ўзининг танишлари Ж.Ш. (суғурта маркази директори) ва Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори орқали Жиззах вилояти ички ишлар тергов органи иш юритувидаги жиноят иши доирасида ижобий экспертиза хулоса олиб беришга ёрдам бериш эвазига 105 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
“Тергов давомида юқорида қайд этилган прокуратура ходимининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади”, деди Ҳаёт Шамсутдинов.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқандда суд бошқарувчиси, Жиззахда адвокатлик бюроси раҳбари ҳамда Бухорода суд бошқарувчиси пора билан ушланганди.
LiveБарчаси