Сурхондарёда Nexia мактаб ўқувчисини уриб юборди. Бола вафот этди
3-саҳифа
−
17 Ноябрь
5592Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 7 ёшли мактаб ўқувчиси вафот этди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 12 ноябрь куни соат 8:00 да Бандихон тумани Чинор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4R-100 автомобил йўлининг 98-километрида рўй берган. 1992 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувида бўлган Nexia “Бандихон-Қизириқ” йўналишида ҳаракатланиб келиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан югурган ҳолда кесиб ўтаётган 2017 йилда туғилган вояга етмаган болани уриб юборган. Оқибатда бола олган тан жароҳатлари билан туман шифохонасида вафот этган.
Хабарга кўра, бола тумандаги 9-мактабнинг 1-синф ўқувчиси бўлган. ЙТҲ ортидан бола ўқийдиган мактабда ЙҲХБ мутасаддилари, маҳалла аҳолиси, вафот этган боланинг ота-онаси иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида автобус вояга етмаган пиёдани уриб юборганди. ЙТҲ оқибатида пиёда воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланганди.