Сурхондарёда морхўр овлаганлар табиатга 4,5 млрд сўм зарар етказди

3-саҳифа

image

Сурхондарё вилоятининг “Сурхон” давлат қўриқхонасида икки ҳайвонни овлаган шахслар табиатга 4,5 млрд сўм зарар етказди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар берди. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 5 июль куни қўриқхонанинг “Хатак” бўлими “Олтикунлик” массивида ўтказилган рейд чоғида ноқонуний овчилик билан шуғулланаётган шахслар қўлга олинган. Улар Ўзбекистон Қизил китобига киритилган икки бош бурама шохли эчки (морхўр)ни ноқонуний равишда овлагани маълум бўлган. 

Махсус тадбирлар давомида қўриқхона ҳудудида қурол билан ҳаракатланаётган уч нафар фуқаро шубҳа уйғотган. Уларнинг ҳаракати зимдан кузатилган. Улар тошлоқ ва тик қияликларда ҳаракатланаётган бўлишига қарамай, масофадан бинокль ва мобил воситалар ёрдамида назоратга олиниб, ҳаракати ҳужжатлаштирилиб борилган. Шубҳали шахслар тўхтаб дам олаётган ҳудудга етиб борилганида, айнан ўша вақтда Қизил Китобга Халқаро Табиатни муҳофаза қилиш Иттифоқининг “Қизил” рўйхатига киритилган кам учровчи икки бош бурама шохли эчки-морхўр овланиб, сўйилаётгани аниқланган. Шахслар воқеа жойида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Сўйилган ҳайвон қолдиқлари экспертизадан ўтказилганда бир ва уч ёш атрофидаги эркак ва урғочи морхўр экани тасдиқланган. 

Маълумот учун, Президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарорига мувофиқ, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни ноқонуний овлаш ҳолатларида жарималар 10 бараварга оширилади. Оқибатда мазкур ҳолатда давлатга етказилган зарар 4,5 миллиард сўм деб ҳисобланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Қува туманида Қизил китобга киритилган 1 дона йиртқич бургутни сотмоқчи бўлган шахс қўлга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё қўриқхона морхўр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг