Фарғонада Қизил китобга киритилган бургутни сотмоқчи бўлган шахс ушланди
3-саҳифа
−
14 Апрель
2537Фарғона вилояти Қува туманида Қизил китобига киритилган 1 дона йиртқич бургутни сотмоқчи бўлган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлии хабар берди.
Маълум қилинишича, масъул шахслар томонидан Қува тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро И.Н. томонидан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 1 дона йиртқич бургут Telegram тармоғи орқали ноқонуний сотилаётганлиги аниқланган.
“Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, бургут ашёвий далил сифатида фуқародан олиб қўйилди ҳамда вақтинча сақлаш учун Фарғона вилояти ҳайвонот боғига жойлаштирилди”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92-моддаси (ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари – 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида Қизил китобга киритилган бургут ноқонуний тарзда сақлаб келинаётгани аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси