Сурхондарёда мактаб директорини калтаклаган эркак қамоққа олинди (видео)

Жамият

image

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг директори Т.У. шу муассасада ишловчи ўқитувчининг оила аъзолари томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар берилган эди. Унга тан жароҳати етказган шахс қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги маълум қилди.

Бугун,1 сентябрь куни вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан Т.У.га ҳимоя ордери берилди ва унинг даволаниши ҳамда соғлигини тиклаши учун зарур шароитларни яратиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилди.

Унга тан жароҳати етказган шахсга нисбатан қамоққа олиш тартибидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 августь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов директорни ўрнидан турғазиб, уни “мактабдаги муҳитни бузганлик”да, “вилоятни бутун дунёга шарманда қилганлик”да айблаганди. Бунга жавобан, директор Т.У. ўзига нисбатан айтилган айбловларни рад этиб, “милтиқ бўлса, отиб ташланг”, дея эътироз билдирган.

Маълумотларга кўра, ушбу можаронинг асл илдизи 2021 йилги воқеаларга бориб тақалади. Ўшанда Сариосиё туманидаги 28-мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари мактаб директори Т.У. ўқитувчиларга зуғум ўтказиб, уларнинг дарс соатларини қисқартириб юборгани ҳамда малакали кадрларни ишдан бўшатганини айтиб, республика раҳбариятига мурожаатлар йўллаган. Ўқитувчилар маҳаллий интернет нашрларидан бирини мактабга таклиф қилиб, ундан ҳолатни ўрганишни сўраган. Т.У мактабга борган журналистларни ҳайдаб чиқариб, уларнинг камерасини синдириб ташлаган.

Ушбу ҳолат жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг Т.У. га нисбатан ўз лавозим мажбуриятларига совуққонлик билан ёндашиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижро интизомини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун ҳайфсан чораси қўлланган. 2021 йилнинг 10 декабрида эса у ишдан бўшатилган. Бироқ, 2022 йил 10 феврал куни унинг ишдан олиниши ноқонуний бўлган, деган хулосага келиниб, мактаб директорлигига қайта тайинланган. Тарқалган видеодаги ҳолатда ҳоким Улуғбек Қосимов “бутун дунёга шарманда қилдингиз” деганда айнан шу воқеаларни назарда тутган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, кеча ижтимоий тармоқларда мактаб директорининг синглиси опасининг аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар берганди. Шундан сўнг, уни ёлланган ўқитувчиларнинг оила аъзолари дўппослагани маълум бўлди. Кеча вилоят ҳокими Улуғбек Турсунов эса ўзи билан жанжаллашган мактаб директорини шифохонага бориб кўриб, ҳол-аҳвол сўраган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Сариосиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг