Сурияда Асаднинг амакиваччаси ҳибсга олинди

Олам

image

Суриянинг муваққат ҳукумати кучлари собиқ президент Башар Асаднинг амакиваччаси Атеф Нажибни ҳибсга олди. Бу ҳақда “Syria TV” хабар берди.

Суриянинг Латакия вилояти Жамоат хавфсизлиги бошқармаси директори, подполковник Мустафо Кнефатининг сўзларига кўра, Нажиб Сурия халқига қарши жиноят содир этишда айбдор деб топилган ва унинг ҳибсга олиниши мамлакатда қонунбузарликларни тергов қилиш ва минтақада хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш чоралари доирасида амалга оширилмоқда.

Нажиб Латакия вилоятида қўлга олинган. Маълумотларга кўра, у Башар Асад ҳукмронлиги даврида жанубий Дара вилоятининг Сиёсий хавфсизлик бошқармаси раҳбари лавозимида ишлаган.

Қайд этиш жоиз, Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилиши ва мамлакатда Асадлар сулоласига барҳам берилиши фонида Башар Асаднинг амакиваччаси Сулаймон Ҳилол Асад Латакия шаҳри майдонида қатл қилинган эди. Шунингдек, Ливан ҳукумати Байрутнинг Рафиқ Ҳаририй номидаги халқаро аэропортида Башар Асаднинг амакиваччаси Дураид Асад, унинг рафиқаси ва қизини сохта паспорт билан мамлакатни тарк этишда айблаб ҳибсга олганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Сурия мухолифати қуролли гуруҳлари мамлакат ғарбида ўша пайтдаги ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли ҳужум бошлаган эди. Улар қисқа фурсатда шаҳарларни қўлга киритиб, Дамашққа етиб борди. 2024 йил декабрь ойида мухолифат кучлари Дамашқни ҳам эгаллади ва Сурия армияси қўмондонлиги Асад ҳукмронлигининг тугаганини эълон қилди.

Шундан сўнг, Башар Асад ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш тўғрисида кўрсатма бериб, мамлакатни тарк этган ва Россиядан бошпана олди. 29 январь куни Сурия маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Башар Асад Атеф Нажиб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг