Супер-контракт бўйича қўшимча тартиблар белгиланди
Жамият
−
05 Сентябрь
7232Ўзбекистонда супер-контракт бўйича қўшимча тартиблар белгиланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Давлат комиссияси баёнига кўра, кириш имтиҳонлари натижаси бўйича танловда иштирок этиб, иккинчи-бешинчи бакалавриат таълим йўналишларидан бири бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга ўз хоҳишларига кўра, устуворлиги бўйича танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилди.
Ушбу ҳолатда абитуриент тўплаган бали биринчи таълим йўналишида тўлов-контракт асосидаги ўтиш балидан паст бўлиши лозим.
Бундай ҳолда контракт суммасини ҳисоблаш Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган табақалаштирилган тўлов-контракт қийматининг минимал миқдорлари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, танлаган барча йўналишларга ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар рўйхатдан ўтишда танлаган йўналишларидан бирида табақалаштирилган контракт асосида ўқишига рухсат берилади.
Бунда, олий таълим муассасалари томонидан талабаликка қабул қилиш танлов бўйича биринчи бакалавриат таълим йўналишида эълон қилинган тест синовлари натижаларига кўра, абитуриентларнинг тўплаган балини асос сифатида қабул қилиб, мурожаат этган абитуриентларнинг аризаларига мувофиқ, тўплаган баллари қатъий кетма-кетлигига риоя этган ҳолда амалга оширилади.
Маълумот учун, супер-контрактнинг бир йиллик ўқитиш қийматидан камида 50 фоизи миқдоридаги тўловларни амалга оширган абитуриентлар талабалар сафига қабул қилинади. Супер-контрактни 2024 йилнинг 15 октябрига қадар тўлиқ (100 фоиз) тўлаган абитуриентларга, истисно тариқасида, 10 фоиз чегирма тақдим этилади. Барча йўналишлар учун белгиланган супер-контракт миқдори билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги давлат ОТМларида супер-контракт учун аризаларни онлайн қабул қилиш ва шартномаларни бериш бошланди.