Сунакдан сахийлик: Британия Украинага 70 дан ортиқ жанговар машиналар беради

Олам

image

Буюк Британия янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага янги жанговар машиналар ва Challenger 2 танклари учун минглаб снарядлар етказиб беради. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Риши Сунакнинг идораси тарқатган баёнотда айтилади.

“Узоқ муддатли икки томонлама хавфсизлик шартномаси устида ишлашдан ташқари, Буюк Британия Украинага 70 дан ортиқ жанговар ва қўллаб-қувватловчи машиналарни, жумладан, жанговар кузатувли разведка машиналарини етказиб беради. Британия армиясининг машиналари олдинги чизиқдаги қўшинлар ўқ-дорилар ва жиҳозларни олиб кириш, яраланган аскарларни эвакуация қилиш ва шикастланган мулкларни тиклаш учун воситаларга эга бўлишини таъминлаш учун Украинага ўтказилади. Бу Украинанинг қарши ҳужуми учун жуда муҳим”, дейилади баёнотда.

Матнда таъкидланишича, қўшимча минглаб Challenger 2 снарядлари ушбу ёрдам пакетининг бир қисми сифатида дарҳол Украинага етказилади.

Бундан ташқари, Лондон аввалроқ Буюк Британия томонидан етказиб берилган ҳарбий техникани таъмирлаш учун 50 миллион фунт стерлинг ажратади.

Сунак идораси НАТО шафелигида Буюк Британияда Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларини реабилитация қилиш учун тиббий марказ ташкил этилишини маълум қилган. Ушбу янги тиббиёт муассасаси Британия марказидаги Ноттингемшир графлигида жойлашган мамлакатдаги етакчи марказ Stanford Hall'нинг ҳамкорига айланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия жорий йилнинг август ойидан бошлаб украиналик ҳарбий учувчиларни Ғарб техникаларини бошқаришга ўргатиши ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Германия ҳам Украинага 700 миллион евро миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини беришини маълум қилган. Шунингдек, Франция биринчи узоқ масофали Scalp ракеталарини Украинага берганди. Ракеталар аллақачон мамлакатга етиб борган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Украина Challenger 2

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг