Франция Украина учун узоқ масофали ракеталарни етказиб берди
Олам
−
11 Июль 2023
5048Франциянинг биринчи узоқ масофали Scalp ракеталари аллақачон Украина ҳудудига етказилган. Бу ҳақда “France-Press” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Франция Буюк Британия томонидан яқинда Украинага берилган 250 дан 560 километргача масофадаги нишонларни йўқ қила оладиган Storm Shadow ракеталарининг аналоги ҳисобланган Scalp ҳаво-ер типидаги ракетанинг катта партиясини юборган.
Манбага кўра, Париж бундай турдаги ракеталарнинг Украинага берилиши эскалация хавфини оширишига олиб келишига ишонмайди. Шунингдек, Франция Киевнинг бу ракеталардан фақатгина халқаро доираларда тан олинган ўз чегаралари ичида фойдаланишига кафолат берган.
Аввалроқ, мамлакат Президенти Эммануэль Макрон Украинанинг қарши ҳужумини қўллаб-қувватлаш учун унга узоқ масофали ракеталарни етказиб беришни тасдиқлаганди. Бироқ етказиб берилган қуролларнинг миқдорига аниқлик киритилмаган.
Бу қарорга нисбатан Кремль ҳам муносабат билдирди. Жумладан, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков шундай деди:
“Бизнинг нуқтаи назаримиздан, бу қарор Украина томони учун оқибатларга олиб келадиган хатодир, чунки бу, албатта, бизни қарши чоралар кўришга мажбур қилади”.
Маълумот учун, Scalp ракеталари илк бор 1994 йилда Франция ва Буюк Британия билан биргаликда ишлаб чиқарилган. Scalp ва Storm Shadow бир турдаги ракеталар бўлиб, улар ҳарбий самолётлар билан бирлаштирилган ҳолда қўлланилади. Ҳарбий операцияларда 2003 йилдан буён фойдаланиб келинмоқда. Ракетанинг оғирлиги 1,3 тонна, узунлиги 5,1 метрни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Буюк Британия Украина учун Storm Shadow ракеталарини юборганди. Буни Россия томони “душманлик ҳаракати”, деб баҳолаган. Шунингдек, Украина Германиядан ҳам Storm Shadow'нинг немис аналоги бўлган Taurus ракеталарини сўраганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь