Сунъий интеллект ёзувчилар номидан сохта китоблар ёза бошлади
Технология
−
11 Август 2023
6396Бир нечта китоблар муаллифи, ёзувчи Жейн Фридман ўзига тегишли бўлмаган янги китоблар Amazon онлайн савдо платформасида унинг номи билан сотилаётганини кўриб қолди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Янги китоблар одатда у ёзадиган мавзуларга ўхшаш, аммо матн унинг услубига тақлиддан иборат.
“Мен ушбу китобларни кўриб чиқишни бошлаганимда у, асосан, сунъий интеллект томонидан яратилганига амин бўлдим. Менинг интернетда мавжуд бўлган жуда кўп бепул контентим бор, чунки мен анча вақтдан буён блог юритганман. Шунинг учун сунъий интеллектнинг менга тақлид қилиши қийин бўлмайди”, деди Фридман.
ChatGPT каби сунъий интеллект воситалари энди жуда катта ҳажмдаги ишонарли матнни тез ва арзон ёзишга қодир. Бу эса кўплаб ёзувчиларни ишсизлик хавфи остида қолдирди. Шунинг учун муаллифлар СИ моделларини ўргатиш учун уларнинг материалларидан фойдаланишларини истамайди.
Фридман СИ томонидан ишлаб чиқарилган сохта китоблар муаммосига дуч келган ягона муаллиф эмас. У Х`даги саҳифасида ушбу муаммо ҳақида блог пост жойлаштирди. Унга жавобан бир нечта муаллифлар ҳам шундай ҳолатга дуч келганлигини айтди.
“Одамлар менга энг сўнгги китобимни сотиб олганини айтди. Қизиғи, унда менинг исмим бор. Лекин мен бу китобни ёзмаганман”, деди муаллифлардан бири.
Amazon Фридман номи билан сотилаётган китобларни олиб ташлади ва сохта китоб савдосини тақиқлашини айтди.
“Бизда қайси китобларни сотувга қўйиш мумкинлигини кўрсатувчи аниқ кўрсатмалар мавжуд ва муаммо келиб чиқадиган бўлса, ҳар қандай китобни зудлик билан текширамиз”, деди Amazon матбуот котиби Эшли Ваничек.
Эслатиб ўтамиз, Apple компанияси 2016 йилдан бери кузатилмаган энг узоқ муддатли савдо пасайишига дуч келди. Бунга унинг кетма-кет йилнинг учинчи чорагида ҳам сунъий интеллектга катта сармоя киритгани сабаб бўлган.