Суд ҳукмини ўзгартириб беришни ваъда қилган адвокатлар қўлга тушди
3-саҳифа
−
04 Ноябрь
4722Қашқадарё, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир нечта адвокатларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман судида кўрилаётган жиноят ишидаги айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида суд тизимидаги танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида мазкур туманда фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати Д.А. ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Кармана туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Навоий шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси адвокати Х.А. Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан мансабдор танишлари орқали енгил жазо тайинлатиб, уни озодликка чиқартириб бериш эвазига 20 млн сўм ва 500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Бухоро вилояти Вобкент туманида кузатилган ҳолатда эса маҳаллий адвокатлик бюроси адвокати Н.Ғ. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилган фуқарога нисбатан мазкур туман судининг 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш бўйича чиқарган ҳукмини ўзининг мансабдор танишлари орқали 1 йил 2 ой муддатда якунлатиб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмасининг муқаддам судланган адвокати Б.А. ҳам фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судда кўриб чиқилаётган эр-хотин ўртасидаги никоҳни ваколатли танишлари орқали бекор қилдириб бериш эвазига 1100 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси адвокати Б.Қ. Жиноят кодексининг 270-моддаси 2-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида суд органларидаги мансабдор танишлари орқали ёрдам бериш эвазига 800 АҚШ доллари ва 2,5 млн сўм олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур адвокатларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида катта пул эвазига суд ҳукмига таъсир ўтказиб, жазони енгиллаштириш, яна бир ҳолатда эса айбланувчини оқловчи ҳукм чиқариб беришни ваъда қилган 2 нафар адвокат ва 1 нафар юрист ушланган эди.
LiveБарчаси