Энди зўравонликка учраган болаларга давлат ҳисобидан адвокат ажратилади
Жамият
−
21:05 247 2 дақиқа
Энди Ўзбекистонда зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болалар тегишли процессуал ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда бугун, 14 октябрь куни Президент имзолаган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Ушбу қонун билан “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилди. Эндиликда зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга тегишли процессуал ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам берилиши таъминланади.
Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жинсий зўравонликка оид жиноят ишлари бўйича вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирокини таъминлаш чоралари кўрилади.
Шу билан бирга, вояга етмаган шахсга нисбатан унинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси, ҳомийси ёки бошқа қариндошлари томонидан жиноят содир этилган ҳолларда тергов ва суд жараёнидаги барча процессуал ҳаракатларда васийлик ва ҳомийлик органи вакили иштирок этиши ҳам белгиланди.
Шунингдек, мазкур ҳужжат билан болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун жавобгарликка тортилган таълим ташкилоти ходими билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асоси киритилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун билан бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь