Стикерни ким ўйлаб топди? Республика махсус комиссиясига саволлар бор
Таҳлил
−
30 Март 2020
184352020 йилнинг 29 январь куни Президент Фармойиши билан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси тузилди. Комиссия таркиби бир қанча давлат ташкилотлари раҳбарларидан иборат таркибда шакллантирилди. Коронавирус доирасидаги ҳар қандай чора-тадбирлар мазкур комиссия назорати остида амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 28 март куни мазкур комиссия қарори билан шахсий автомобилларда ҳаракатланишни чекловчи тартиб ўрнатила бошлади. Унга кўра, 2020 йил 30 март соат 06:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат бериладиган бўлди. Махсус рухсатномалар бир қанча машиналарга берилиши кўрсатиб ўтилди.
Шундан сўнг, бир кун ичида (якшанба) машинасига махсус рухсатнома олишни истовчи кўплаб фуқаролар ёппасига давлат хизматлари марказларига бора бошлади. Нима қилсин? Махсус стикер олиш керак. Олмаса, биринчидан иш тўхтайди. Иккинчидан, душанбадан (30 март) автомобилида ҳаракатланса, унга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласи кўрилиши бошланиши мумкин. Ким айни “илик узилди” вақтида жарима тўлаш ёки жавобгарликка тортилгиси келади?
Бундан ташқари, одамларнинг ғуж-ғуж бўлиб тўпланиши жамоатчиликда хавотир уйғотди. Дунё тажрибаси масофа сақлаш, бир жойга йиғилмаслик лозимлиги ҳақида жар солмоқда. Шу вақтгача бир жойга тўпланишга қарши чиқаётган махсус комиссия бу қарорни қабул қилишда вазият бундай тус олиш эҳтимолини назардан четда қолдирди. Жорий этилаётган тизим тўғри бўлиши мумкин, бу билан эзгулик кўзланганига шубҳа қилмаймиз, аммо услуб нотўғри эди. Шунингдек, стикерлар марказлар томонидан картонга ўхшаш махсус қоғозларда берилиши таъкидлаб ўтилди. Лекин махсус комиссия аъзолари COVID-19 махсус картонлар, қоғозларда бир неча соат давомида яшаши мумкинлигини наҳот ҳисобга олмаган бўлса? Эртага кўчада “ГАИ”лар машинани тўхтатса, махсус стикерни қўлга олиб кўрадиган бўлса (ҳайдовчилик гувоҳномасидек), вирус бир танадан иккинчи танага ўтмаслигига ким кафил бўла олади?
Фикримча, ушбу қарорнинг ўзи жамоатчиликда ҳам катта ваҳима уйғотди. Кеча Чорсу бозорига рўзғорга маҳсулот олгани тушганимда, бир-икки фуқаролар мазкур қарорни муҳокама қилаётганини эшитиб қолдим. “Эртадан машиналаримиз билан шаҳарда ҳаракатлана олмас эканмиз. Бу вирус кучаймоқда. Уйимиз узоқ. Пиёда келиш иложсиз. Бозорга шу билан қачон келамиз, Худо билади. Шу сабабли кўпроқ маҳсулотларни ғамлаб қўйяпмиз”, деди картошка сотиб олишга навбатда турган бир фуқаро.
Мамлакатда биринчи истеъмол товарларига эҳтиёж бирдан ошиб кетди. Узундан-узун навбатлар юзага кела бошлади. Бозорда навбат талашиб кичик-кичик тортишувлар бўлганини ўз кўзимиз билан кўриб турдик. Албатта, бундай навбатларга айнан махсус стикерлар сабабчи демаймиз. Лекин унинг ҳам улуши борлигини инкор қилиш нотўғри бўлса керак. Нега махсус комиссия мана шундай воқеалар юз бериши мумкинлигини ҳам олдиндан ҳисобга олмади?
Жамоатчиликнинг жиддий эътирозларидан сўнг, махсус стикерлар соат 15.00 да махсус рухсатномани олиш учун аризани электрон тарзда my.gov.uz портали орқали топшириш мумкин бўлади, мазмунидаги Давлат хизматлари агентлигининг хабари чиқди. Аммо маълумотларга қарайдиган бўлсак, айтилган порталдан биринчи навбатда ушбу шаклдаги рухсатнома олиниши керак бўларкан.
Кейин эса қуйидаги кўринишда стикер олиш лозим бўлади. Яна бюрократия, яна принтер излаб кўчага чиқ. Ҳамманинг уйида ҳам барча қурилмалар мавжуд эмас, ахир.
Кеча эса “машинада 1 апрель соат 06:00 га қадар махсус руҳсатномасиз ҳаракатланишга рухсат берилади. Рухсатнома олиш online my.gov.uz портали орқали амалга оширилади” мазмунида хабар эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкентдаги бир нечта туман ДХМ директорлари ҳам хабар берди. Улар стикери йўқ фуқароларни ИИВ ходимлари тўхтатмаслигини айтмоқда. Ҳатто айримлари тарқалган видеоларда стикер берилмаётганини ҳам айтди. Бу одамлар тарқалиши учун қилинган бўлиши ҳам мумкин.
Аммо бугун ДХА “ижтимоий тармоқларда Давлат хизматлари марказларида махсус рухсатнома бериш 1 апрелга қадар талаб этилмаслиги ҳақидаги эълон жойлаштирилганлиги юзасидан хабарлар тарқалди. Мазкур эълон расмий асосга эга эмас. Ҳозирда ушбу эълон Марказлардан олиб ташланган. Соҳага оид ўзгариш мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақида маълумот расмий саҳифаларимизга жойлаштирилади”, деб хабар қилди.
QALAMPIR.UZ манбасига кўра, Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Санжар Абдуллаевнинг кеча кечаси стикер олиш бўйича“1 апрель соат 6:00 га қадар узайтирилди, эртага шахсий машинада келсангиз бўлади, эртага соат 09:00 да ишда бўлинглар, эртага ҳеч кимни қабул қилманглар, тушунтиринглар, ҳеч қандай “запрет” йўқ, юрсангиз бўлади деб, эртадан ҳужжат қабул қилманглар” мазмунида ДХА ходимлари гуруҳларига йўллаган хабарлари тарқатилган. Бунисига нима дейсиз энди? Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи бу топшириқни кимдан олган? Ёки ўзбошимчалик билан бу иш амалга оширилдими? Жамоатчиликни чалғитишдан нима мақсад кўзланган?
ДХА Матбуот хизматига боғланиб, ушбу чалкаш ва нопрофессионал ташаббус кимдан чиққани ҳақида маълумотларни олишга ҳаракат қилдик. Стикерни жорий этиш ташаббуси ДХА раҳбарияти ва ходимларидан чиқмаганлигини билдик. Бу ташаббус махсус комиссия аъзоларидан қайси бирининг ташаббуси билан чиққанини ҳозирча аниқ билмаймиз. Лекин манбамизга кўра, ўша мажлисда ушбу махсус стикерни жорий қилишдан аввал яхшилаб барча тарафларни ҳисобга олиш лозимлиги ҳақида ҳам комиссия раҳбарияти томонидан алоҳида айтилган экан.
Мазкур махсус рухсатнома мутлақо бепул. Бундан давлат пул ундиришни кўзламагани аниқ. Бироқ эртага машинаси зарур бўлган фуқаролар мана шу расмда берилган ҳолатларга қўл урмаслигига ким кафолат беради? Комиссия аслида буларнинг барчасини ҳисобга олиши керак эмасмиди? Асосий савол: энди нима бўлади?