Дунёда одамлар ўртача неча йил яшаяпти?
Бу қизиқ
−
20:52 773 2 дақиқа
2023 йилда дунё бўйича ўртача умр кўриш давомийлиги 73,3 ёшга етди ва COVID-19 пандемиясидан олдинги даражага деярли қайтди. Пандемиядан олдин, 2019 йилда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,4 ёшни ташкил этган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2000 йилдан 2023 йилгача бўлган даврни қамраб олган янги глобал баҳолашларида келтирилган.
Қайд этилишича, барча ўлим сабаблари орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг улуши ортишда давом этмоқда: агар 2000 йилда уларнинг ҳиссасига ўлим ҳолатларининг 58 фоизи тўғри келган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 74 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, соғлом умр кўриш давомийлиги кўрсаткичи секинроқ тикланмоқда. 2023 йилда у 62,8 ёшни ташкил этган – бу 2019 йилги даражадан 0,4 йилга кам дегани. Ушбу кўрсаткич нафақат умр кўриш давомийлигини, балки саломатликни чеклайдиган касалликлар ва жароҳатларсиз яшаб ўтилган йилларни ҳам ҳисобга олади.
Умр кўриш давомийлигининг ошиши фонида сурункали касалликларнинг роли сезиларли даражада ортган. Альцгеймер касаллиги ва деменциянинг бошқа шакллари 2000 йилдаги 19-ўриндан кўтарилиб, 2023 йилда илк бор дунёдаги асосий ўлим сабабларининг кучли бешлигига кирган. Ушбу давр мобайнида деменция билан боғлиқ ўлим ҳолатлари сони уч бараварга ортган.
Руҳий бузилишлар билан боғлиқ вазият ҳам ўзгармоқда. 2019 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда депрессив бузилишлар билан боғлиқ касалликлар юкининг глобал кўрсаткичи тахминан 20 фоизга, ташвишли бузилишлар билан боғлиқ кўрсаткич эса қарийб 45 фоизга ошган. Улар биргаликда барвақт ўлим ва ногиронлик сабабли 2023 йилда қарийб 110 миллион йиллик соғлом ҳаётнинг йўқотилишига олиб келган.
Live
БарчасиСергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь