Мирзиёев ва Трамп Ҳукумати коронавирусга қарши қандай курашяпти?
Таҳлил
−
30 Март 2020
12522Ўзбекистонда коронавирус касаллиги тарқалишда давом этмоқда. Касалликнинг дастлабки ўчоғи саналмиш Хитойда коронавирус ортга қайтишни бошлаган. Бироқ энди пандемия авж нуқтасига чиққан давлат АҚШ бўлиб бормоқда. Қўшма Штатларда кунига минглаб инсонлар бу касалликни юқтиришда давом этаётганлигига қарамай Оқ уй расмий Тошкент каби қатъий чоралар қўлламаяпти. Ушбу масала юзасидан айни вақтда Қўшма Штатларда бўлиб турган “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова ўз чиқишида маълум қилмоқда.
“Нью-Йорк – коронавирус ўчоғи”
— Коронавирусга қарши курашнинг яна бир куни якунланмоқда. Ҳозиргина Оқ уйдаги кундалик брифинг якунланди. Бу ерда ҳам кўплар тиббий ниқоблар тақиб юрмоқда. Шунингдек, биз ҳам кўчага чиқаётганда ниқобдан фойдаланяпмиз, уйимиздан ишлаяпмиз. Айни вақтда Қўшма Штатларда коронавируснинг ўчоғи Нъю-Йорк шаҳридир. Дунёдаги энг катта мегаполислардан бири бўлган бу шаҳарда мутасаддилар шаҳарликларни карантинда сақланишини сўрамоқда. “Илтимос, ўзингизни изоляция қилинг. Бошқаларнинг соғлиғини ўйланг” дея мурожаат қилишмоқда.
Пасхагача кутилаётган “ғалаба”
Навбаҳор Имомова Оқ уй маъмурлари апрель ўрталаригача вазият ўнгланишидан умидвор эканини айтмоқда.
— Оқ уй раҳбарияти томонидан деярли ҳар куни коронавирусга қарши жадал олиб борилаётгани ҳақида ҳар куни эшитиб турибмиз. Бугун Президент Трампнинг айтишига кўра, Конгресс билан Оқ уй, албатта, келишиб олади ва 2 трилиион долларга яқин молиявий кўмак дастурини ўз ичига олган Қонун лойиҳаси тез орада тасдиқдан ўтади. (таҳр.: қонун лойиҳаси кеча тасдиқланди) “Пасха байрамига қадар, яъни 12 апрелгача вазиятни ўнглаб олишимиз керак. Яқин вақтлар ичида карантин чораларини ўзгартиришимиз мумкин. Бу федерал миқёсда бўлади”, деб айтмоқда Президент Трамп.
Оқ уй айтилган вақтгача энг қийин давр тугашига умид қилмоқда. Бунда улар тиббиёт ходимларига, олимларга қулоқ солишини айтмоқда. Оқ уйнинг тиббиёт бўйича вакилларига қулоқ солиш кераклигини қайта-қайта таъкидлашмоқда. Бироқ Трамп сабрсизлана бошлаган, чунки иқтисодиёт зарар кўрмоқда. Тарозининг бир палласида аҳоли саломатлиги, иккинчи палласида иқтисодиёт турибди.
Президент Трамп қизиқ гапни айтди. “Бу инқироз саломатлик бўйича инқироз. Бу иқтисодий-молиявий инқироз эмас. Агар тиббий вазиятни қўлга ола билсак, иқтисодиёт яна изга тушиб кетади. Биз барча саноат соҳаларига, коронавирусдан азият чеккан америкаликларга ҳам ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз. 12 апрелга бориб нормал ҳаёт томон боришимиз лозим”, дея АҚШ Президентининг сўзларини келтирмоқда Имомова.
Ниқоб АҚШда мажбурий эмас
Мухбир Имомованинг айтишига кўра, АҚШда барча ташкилот ва муассасалар фаолиятини вақтинча тўхтатган, бироқ ниқоб тақиб юриш мажбурий тус олмаган.
— АҚШнинг бошқа минтақаларида ҳам кураш жадал кетмоқда. Қўшма Штатларнинг энг йирик штатлардан бири Калифорнияда ҳам буни кўриш мумкин. Ҳозирга келиб нафақат федерал жиҳатидан, балки аксарият штатларда ҳам фавқулодда ҳолат ҳукмрон. Мактаблар, университетлар, илм даргоҳлари ёпиқ бўлиб, ўта зарур бўлгандагина савдо жойлари ишламоқда. Ресторан, бар, кафелар ёпиқ. Ҳаёт бир жиҳатидан тўхтаб қолган, ҳаёт тўрт девор ичида давом этмоқда. Уйдан туриб ишлаш, уйдан туриб ўқиш олиб борилмоқда.
Лекин, ниқоб тақиб юриш Вашингтоннинг ўзида ҳам мажбурий эмас. 25 март соат 06:00дан бошлаб Ўзбекистонда ниқоб тақмасликка жарима белгиланди. Нью-Йоркдаги ватандошларимизга бардам бўлинг деймиз.
Мутасаддиларнинг айтишига кўра, ҳар минг Нью-йоркликдан бирига коронавирус хавф солмоқда. Оқ уй яна бир бор эслатди: “агар яқин орада бу шаҳарда бўлган бўлсангиз, ўзингизни изоляция қилинг”. Агар шаҳардан яқинда чиқиб кетган бўлсангиз, бу ҳам хавфли.
Президент Трампнинг олдидаги олимлар, тиббиётчилар асосий вазифа вирус тарқалишига қарши курашлигини айтишмоқда. Улар ҳар доимги айтилаётган чоралар, яъни қўлларни ювиш, ниқоблар тақиш, уйдан чиқмаслик кераклигини уқтиришмоқда. Яъни, ҳозирга келиб америкаликлар ҳам нима қилишини бироз тушуниб олгандек, гўё. Америкаликлар қанчалик толиқишгани билан ўзларининг соғлиқларини ўйлашмоқда.
Ҳозир Ўзбекистоннинг вилоятларида кириш-чиқиш тўхтатилган. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон карантинда.
Ватандошларни чорлаётган элчихона
Навбаҳор Имомова Нью-Йоркдаги ватандошларимиз ўзларининг ҳолатлари ҳақида видео ва бошқа кўринишда акс этган мурожаатлар қилишини сўрамоқда. Шунингдек, “Америка овози” мухбири Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ватандошлар учун ёрдамга доим тайёрлигини маълум қилгани ҳақида айтмоқда.
— Агар коронавирус таҳдиди сабаб қийналиб қолган ватандошлардан бири сифатида ватандан кўмак истаётган бўлсангиз, Ўзбекистон элчихонасига мурожаат этишингиз мумкин. Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳрида консуллиги ҳам бор, шу сабабли бу идорага ҳам мурожаат этишингиз мумкин. Ўзбекистон ҳукумати ватандошлар билан ишлашга тайёр эканини доимий тарзда эслатиб келади.
Имомованинг қайд этганларидан кўриниб турибдики, ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб коронавирусга қарши кўрган чоралари ижобий натижа бермоқда. Бироқ, гап фақат давлат ёки унинг раҳбарияти томонидан қабул қилинаётган қарорлар, ҳужжатлар ҳақида кетмаяпти. Одамларнинг ўзаро жипс ва бақамти ҳаракат қилиши, мавжуд қоидалар, ўрнатилган тартибга риоя қилиши касалликни енгишдаги энг муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Зотан, бу бало фақат давлат ёки унинг масъул курси ўтирганларнинг эмас, бутун халқнинг бошига келди. Вирус эса мавқе, мансаб, миллат, дин танламайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилди. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар бугун, 30 март соат 15:00 ҳолатига кўра 145 кишини ташкил этмоқда. Мамлакатда ушбу инфекцияни юқтириб олган беморлардан икки нафари вафот этди. Касалланганларнинг 7 нафари соғайиб, оиласи бағрига қайтди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor