Коронавирусга қарши курашаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари уйига қайтди
Жамият
−
29 Март 2020
16371Бугун, 29 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганига 14 кун тўлди. Бу вақт оралиғида мамлакатда ушбу вирусни юқтириб олганлар 133 нафарга етди. 2 киши вирусдан вафот этди. 7 киши ушбу касалликдан соғайиб, уйи ва оиласи бағрига қайтди. Бу эса аввало Яратганнинг инояти, сўнг шифокорларнинг меҳнати сабабдир.
Бугун Вирусология илмий текшириш институти клиникасининг коронавирус инфекциясига қарши қаҳрамонларча курашган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари юксак эҳтиром билан кузатилди. Эндиликда улар ўрнида навбатдаги қаҳрамон тиббиёт ходимлари фаолият бошлашади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам шифокорларга миннатдорлик билдирган эди:
“Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди.
Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари, ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдираман”.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотда бўладиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди.
Қарорга мувофиқ:
коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган;
зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:
• врач ходимларга, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм;
• ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион сўм;
• кичик тиббиёт ходимларига – 10 миллион сўм;
• бошқа ходимларга – 5 миллион сўм.
Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.
Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўм;
коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.
Ушбу тўловлар қонун ҳужжатлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатлар ҳамда меҳнат шартномасига мувофиқ ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан тўланадиган тўловларни сақлаб қолган ҳолда қўшимча равишда амалга оширилади.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь