Starlink интернет сунъий йўлдошларининг 200-партияси орбитага чиқди
Технология
−
31 Октябрь
1616Кеча, 30 октябрь куни Falcon 9 ракета-ташувчиси глобал интернет қамров тизими Starlink орбитал гуруҳини тўлдириш учун яна 23 та мини-сунъий йўлдош партиясини орбитага муваффақиятли олиб чиқди. Бу ҳақда SpaceX маълум қилди.
SpaceX Илон Маск бошчилигида Starlink интернет сунъий йўлдошлари 200-марта орбитага чиққанини маълум қилган.
Қайд этилишича, ракета АҚШнинг Флорида штати Канаверал бурнидаги 40-старт комплексидан 30 октябрь куни АҚШ Шарқий соҳил вақти билан 17:10 да учирилган. Тахминан бир соатдан кейин сунъий йўлдошлар ракетанинг иккинчи босқичидан ажралиб, орбитага чиққан.
Ушбу амалиёт доирасида ракета-ташувчи ўзининг 14-парвозидан кейин Атлантикадаги A Shortfall of Gravitas номли денгиз платформасига вертикал қўнишни амалга оширган.
Маълумот учун, Starlink лойиҳаси доирасида SpaceX компанияси 2019 йил май ойидан бери 7,2 мингдан ортиқ шундай сунъий йўлдошни учирган. Уларнинг айримлари ишдан чиққан ёки орбитадан қайтиб тушган. Ҳозирда орбитада 6,5 мингдан ортиқ қурилмалар фаол ҳолатда қолмоқда.
SpaceX компанияси дунёдаги энг йирик сунъий йўлдош оператори ҳисобланади. Starlink интернет тармоғи фойдаланувчилар учун Шимолий ва Жанубий Америка, Европа, Осиё, Африка ва Австралия каби 72 та мамлакатда мавжуд. Пентагон маълумотларига кўра, ушбу сунъий йўлдош хизматларидан АҚШ ҳарбийлари ҳам фаол фойдаланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Флорида штатидаги космодромдан SpaceX компаниясининг Falcon ракетаси Юпитернинг 95 йўлдошидан бири бўлган Европада ҳаёт изларини қидириш мақсадида Europa Clipper деб номланган космик станцияни орбитага чиқарган эди.