Украина Қрим кўпригига ҳужумда Исроил қурилмасидан фойдаланган – WSJ
Олам
−
3271 2 дақиқа
Украина Қуролли кучлари (УҚК) Американинг Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимига муқобил вариантларни излаш жараёнида Исроилнинг HiSKY тизимига мурожаат қилди. Ундан Қрим кўпригига берилган зарбалар пайтида ҳам фойдаланилган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” газетаси хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ўтган ҳафта Қрим кўпригига уюштирилган ҳужумда қўлланилган айрим ўқ-дорилар Исроилнинг HiSKY тизими билан жиҳозланган.
Starlink’дан фарқли ўлароқ, HiSKY Россия ҳудуди устида ҳам ишлайди. Нашр манбаларининг сўзларига кўра, Украина дрон операторлари ундан Россиянинг баллистик ракета учириш қурилмаларини қидириш учун фойдаланган.
Шу билан бирга, WSJ Исроил тизими фойдаланиш осон бўлган Starlink терминалларига нисбатан юқорироқ даражадаги техник тайёргарликни талаб қилишини таъкидлайди. Бу шуни англатадики, УҚК ундан кундалик операцияларда эмас, балки фақат ўта муҳим миссиялар учун фойдаланиши эҳтимоли юқори.
Ўтган ҳафтада Қрим кўприги УҚК томонидан уч марта – 16, 17 ва 19 ноябрь кунлари ҳужумга учради. 17 ноябрга ўтар кечаси уюштирилган ҳужум туфайли кўприкнинг автомобиль йўли қисмидаги равоқ сувга қулаб тушди. 28 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин тиклаш ишлари бошланганини маълум қилди. Уларнинг қанча давом этиши номаълум.
Маълумот учун, Украина учун Starlink (аниқроғи, унинг ҳарбий версияси – Starshield) аналогини излаш жорий йил кузида унинг ишлашида юзага келган чекловлардан сўнг айниқса долзарб бўлиб қолди. Украинада Starshield ишидаги чекловлар илк бор октябрь ойи ўрталарида пайдо бўлган эди. Украина дронларидаги алоқа терминаллари соатига 161 км дан юқори тезликда алоқани йўқота бошлади, бу эса қатор ҳарбий миссияларни барбод қилди ва Россиянинг “Шаҳед” дронларини тутиб қолишни қийинлаштирди. 12 ноябрь куни Президент Владимир Зеленский чекловлар ҳақида яна маълум қилди.
Америка томони – Президент Дональд Трамп ва SpaceX асосчиси Илон Маск содир бўлаётган воқеалар юзасидан бир-бирига зид баёнотлар берди. Узилишлар сабаблари ҳанузгача номаълумлигича қолмоқда.
Live
Барчаси