SpaceX космосга миллионта сунъий йўлдош жойлаштиришга рухсат олди

Олам

−

visibility1336 timer2 дақиқа

image

SpaceX компанияси космосда маълумотлар марказларини яратиш учун миллионтагача сунъий йўлдош жойлаштиришга рухсат олди. Ҳозирда бутун космосда 17 мингга яқин сунъий йўлдош мавжуд. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, АҚШ Федерал алоқа комиссияси Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясининг “Starmind” номли сунъий йўлдошлар тизимини яратиш ҳақидаги аризасини маъқуллаган.

SpaceX жорий йил бошида Ерда фойдаланиш учун катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлайдиган миллионтагача орбитал ҳисоблаш модулини жойлаштиришга рухсат сўраган. Компания бу лойиҳа сунъий интеллект учун ортиб бораётган ҳисоблаш қувватларига бўлган талабни қондиришга ёрдам беришини билдирган.

Рухсат шартларига кўра, SpaceX сунъий йўлдошларни жойлаштиришни 2033 йил ноябригача бошлаши керак. 2035 йил ноябригача уларнинг камида 100 мингтасини, 2038 йил ноябригача эса умумий сонининг ярмини орбитага чиқариши лозим.

SpaceX лойиҳани деярли узлуксиз қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти билан изоҳлаган. Компания бундай сунъий йўлдошларни ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари кам бўлиши, шунингдек, Ер юзидаги маълумотлар марказларига тушадиган экологик юкни камайтиришини таъкидлаган.

Бироқ компания ҳақиқатан ҳам миллионта сунъий йўлдошни орбитага чиқарадими, ҳозирча номаълум.

Лойиҳанинг амалга ошиши SpaceX ишлаб чиқаётган Starship ракетасининг харажатлари камайишига ҳам боғлиқ.

Amazon компаниясининг Leo сунъий йўлдошлар бўлинмаси ва бошқа рақобатчилар SpaceX режасини танқид қилган. Уларнинг фикрича, миллионта сунъий йўлдошни орбитага чиқариш жуда узоқ вақт талаб қилиши мумкин. Аммо АҚШ Федерал алоқа комиссияси раиси Брендан Карр март ойида бу танқидларга жавобан Amazon ўзининг ракета парвозлари ва сунъий йўлдошлар тизимини ривожлантиришга эътибор қаратиши кераклигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SpaceX АҚШнинг Луизиана штатида қиймати 100 миллиард доллар бўлган янги космодром қуришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг