“Илмий фантастика ҳақиқатга айланмоқда". SpaceX $100 миллиардлик космодром қуради

Олам

image

SpaceX АҚШнинг Луизиана штатида қиймати 100 миллиард доллар бўлган янги космодром қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Fortune” хабар берди.

Қайд этилишича, космодром Вермилион Париш ҳудудидаги Пекан оролида, қарийб 125 минг акр майдонда барпо этилади. Қурилиш ишлари 2027 йилда бошланиши, илк учириш эса 2029 йилдаёқ амалга оширилиши мумкин. Starbase Louisiana деб номланган ушбу мажмуа компаниянинг энг йирик космик учириш базасига айланиши кутилмоқда.

Лойиҳа тўлиқ якунлангач, ҳудудда бешта учириш мажмуаси ва жами 10 та учириш майдончаси, 12 дан ортиқ учириш минораси, ёқилғи ишлаб чиқариш ва сақлаш объектлари, электр энергияси ишлаб чиқариш иншоотлари ҳамда ходимлар учун турар жойлар ташкил этилади.

SpaceX раҳбари Илон Маскнинг айтишича, янги космодром кунига 30 дан ортиқ Starship ракета парвозини амалга ошириш имконини беради.

“Starbase Louisiana охир-оқибат 12 дан ортиқ учириш минорасига эга бўлади. Бу кунига 30 дан ортиқ Starship парвозини амалга ошириш имконини беради ва уни Ер юзидаги энг йирик учириш майдонига айлантиради. SpaceX илмий фантастикани ҳақиқатга айлантирмоқда”, деб ёзган Маск X тармоғида.

Қайд этилишича, Луизиана расмийлари лойиҳа доирасида келгуси 10 йил ичида 3 мингдан ортиқ тўғридан-тўғри иш ўрни яратилишини кутмоқда. Қўшимча иш ўринлари билан бирга бу кўрсаткич 11 мингдан ошиши ҳам мумкин.

Манбага кўра, SpaceX космодромдан Starship ракеталарини учиришдан ташқари, Ой ва Марсга миссиялар юбориш ҳамда орбитал маълумотлар марказлари учун сунъий йўлдошларни жойлаштиришда фойдаланишни режалаштирмоқда.

Маълумот учун, SpaceX айни пайтда Техасда ҳам бир нечта йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Компания у ерда Starship ракеталарини ишлаб чиқариш учун Gigabay мажмуаси ҳамда яримўтказгичлар ишлаб чиқарувчи Terafab заводини қурмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ SpaceX акциялари савдоси билан шуғулланган инвестиция платформаси компаниянинг 4 400 нафар ходими муваффақиятли IPO’дан сўнг миллионерга айланишини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг