Фарҳод Маннопов вафот этган “Star med”нинг лицензияси бекор қилинди
Жамият
−
02 Июнь 2023
9790Таниқли блогер Фарҳод Маннопов вафот этган “Star med” клиникаси (“Omad plyus” МЧЖ)га берилган лицензия суднинг ҳал қилув қарори билан бекор қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълумот берди.
Гап шундаки, бугун, 2 июнь куни Зангиота туманлараро иқтисодий судида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш бўйича судж мажлиси бўлиб ўтган. Унда даъвогарнинг аризаси қаноатлантирилиб, “Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган 2021 йил 16 февралдаги 27390032-рақамли лицензия бекор қилинган.
Маннопов иши
Жорий йилнинг 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. У бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган "Star med center" хусусий клиникасига мурожаат қилган. Бош прокуратура ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Манноповнинг операциясида иштирок этган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ шифокори, лаборант шифокорининг малакавий тоифалари ва сертификатлари бўлмагани маълум бўлган эди.
Зангиота туманлараро иқтисодий судида Фарҳод Манноповнинг вафоти ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензияни бекор қилишни сўрагани юзасидан иқтисодий суд 15 май куни бошланган эди.
Кейинчалик ижтимоий тармоқларда клиниканинг бир нечта санъаткорлар томонидан реклама қилиниш ҳолатлари кузатилди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Omad plyus” МЧЖга қарашли “Star med center” клиникасига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза киритилганини маълум қилди.