Маннопов иши. “Star med” устидан суд бошланди
3-саҳифа
−
15 Май 2023
13795Бугун, 15 май куни Зангиота туманлараро иқтисодий судида Фарҳод Манноповнинг вафоти ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензияни бекор қилишни сўрагани юзасидан иқтисодий суд бошланди. Бу ҳақда Олий Суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ журналистига маълумот берди.
Унга кўра, ССВ Зангиота туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилиб, унда “Omad plyus” масъулияти чекланган жамияти (“Star med center” клиникаси сифатида танилган)га нисбатан вазирлик томонидан “Omad plyus” масъулияти чекланган жамиятига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун 2021 йил 16 февраль куни берилган 27390032-рақамли лицензияни бекор қилишни сўраган.
Зангиота туманлараро иқтисодий судининг ажрими билан ушбу ариза иш юритувига қабул қилинган ва бу бўйича иқтисодий иш қўзғатилган бўлиб, 15 май куни мазкур аризани кўриш бўйича суд жараёни бошланган.
Бугунги суд мажлисида жавобгар вакили фуқаро Фарҳод Маннаповнинг вафоти юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланганини айтиб ўтган. Унинг тергов якунлангани бўйича қабул қилинадиган суд ҳужжати қонуний кучга киргунга қадар иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш суд томонидан рад этилган.
Билдирилишича, тарафларнинг қўшимча далиллар тақдим этиш мақсадида суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномалари қаноатлантирилиб, навбатдаги суд муҳокамаси 2023 йил 22 май куни соат 15:00 га белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Манноповнинг операциясида иштирок этган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ шифокори, лаборант шифокорининг малакавий тоифалари ва сертификатлари бўлмагани маълум бўлган эди.
LiveБарчаси