ССВ “Тез ёрдам"нинг кечиккани ҳақидаги даъвога муносабат билдирди
Жамият
−
21 Октябрь 2019
3550“Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастурида берилган лавҳа асосида ижтимоий тармоқларда “Қаршида калтакланган шифокорлар: марҳумнинг яқинлари “Тез ёрдам”нинг кечикканини таъкидлашмоқда” мазмунидаги фикр-мулоҳазалар тарқалди.Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими мазкур лавҳа ҳамда тарқалган хабарларга ўз муносабатини билдирди.
"Куни кеча “Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастурида берилган лавҳа асосида ижтимоий тармоқларда “Қаршида калтакланган шифокорлар: марҳумнинг яқинлари “Тез ёрдам”нинг кечикканини таъкидлашмоқда” мазмунидаги фикр-мулоҳазалар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари бу ҳолатни ўрганиб, вазият юзасидан аввал ҳам маълумот берган эди. “Тез ёрдам”нинг кечиккани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар бўйича яна бир карра вазият ўрганилиб, бу хусусда қуйидагиларни маълум қиламиз:
Аввал маълум қилганимиздек, жорий йилнинг 16 октябрь куни соат 08:28 да РШТЁИМ Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига Қарши шаҳри Депо кўчаси 28-уйга ...99 64 рақамидан чақириқ бўлган. Қўнғироқ қилган киши 1967 йилда туғилган фуқаро Г.Ш. ҳушсиз эканлигини маълум қилган.
Чақириққа тез тиббий ёрдам бригадаси “Хундай” автомашинасида соат 08:36да юборилган. Бригада аъзолари берилган манзилга соат 08:42 да етиб келишган (сирена ва мигалка ёқилган ҳолда).
Кўриниб турибдики, бригада машина станциядан юборилганидан хонадонга етиб боргунича ўтган вақт 6 дақиқани ташкил этади, холос. Автомашина неча дақиқада етиб борганлигини исботлаш учун у юрган йўлдаги чорраҳаларда ўрнатилган видеокамералар тасвирларини кузатиш кифоя.Манзилда тез тиббий ёрдам ходимларини шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олишган ва улар биологик ўлим чақириқдан анча олдин қайд этилганини билдирганларидан сўнг аёвсиз калтакланган.
Тез тиббий ёрдам навбатчи шифокори ва фельдшер ўзлари борган автомашинада РШТЁИМнинг Қарши филиалига олиб келинган, мутахассислар кўриги ва стандарт текширувлардан кейин нейрохирургия бўлимига даволаниш учун ётқизилган. Ички ишлар ходимларига хабар берилган.
Соат 08:28 дан кейин соат 08:42 гача мазкур манзилдан “103” телефонига ҳар хил мобиль рақамлардан 3 марта қўпол ва таҳдидли муомала билан қилинган қўнғироқларни диспетчерлар қабул қилишган ва манзилга аллақачон тез тиббий ёрдам бригадаси юборилганлигини билдиришган.
Шу куни соат 09:01 да ...95 64 рақами орқали мазкур манзилга асоссиз равишда яна тез тиббий ёрдам бригадаси сўралган.
Бу вақтда диспетчерлар дастлабки чақириққа борган шифокор ва фельдшерга чақириқ берилган фуқаронинг қариндошлари томонидан тажовуз қилинганлигини, чақириқ берилган фуқаро вафот этганлигини билишган ва ички ишлар ходимларига хабар беришган.
09:01 даги мурожаат бўйича соат 09:02 да ўша хонадонга бошқа тез тиббий ёрдам бригадасини Hyundai автомашинасида линиядан жўнатишган. Бригада соат 09:08 да манзилга борган. Аммо шифокорга марҳумнинг яқинлари уни шифохонага олиб кетишганлигини билдиришган. Шу тарзда яна оворагарчиликка йўл қўйилган.
РШТЁИМ Қарши филиалига марҳум Г.Ш. қариндошлари томонидан шахсий машинада шу куни тахминан соат 09:05 ларда олиб келинган ва тўғри реанимация бўлимига чиқарилган. Филиал реанимация бўлими шифокорлари томонидан тўлиқ текширув ўтказилган ва ўлим тахминан бир соатча аввал содир бўлганлиги қариндошларига билдирилган, ички ишлар бўлимига хабар берилган.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, мазкур ҳолатда тез тиббий ёрдам ходимлари ўз бурчларини тўлиқ адо этишган. Телеканал орқали берилган лавҳа асосида ижтимоий тармоқларда марҳумнинг яқинлари томонидан айтилган “Тез ёрдам”нинг кечиккани ҳақидаги даъволар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ўзларини оқлаш учун ўйлаб топилган важ, деб ҳисоблаймиз", дейилади Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими баёнотида.
LiveБарчаси