ССВ чанг бўрони вақтида нима қилиш кераклигини маълум қилди

Жамият

image

Аввалроқ 21 декабрь шамол тезлиги баъзи жойларда 25-28 метр/секундгача кучайиб, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва республиканинг чўл ҳудудларида чанг бўрони ва ғуборлар кўтарилиши  мумкинлигини прогноз қилганди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларда ушбу табиат ҳодисаси кузатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати чанг бўронлари вақтида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча зарур чоралар кўрилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 179 та аҳоли пунктида жойлашган субфилиаллари доимий шай ҳолатда. 

Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб 2861 та тез тиббий ёрдам бригадаси зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимида фаолият кўрсатаётган қарийб 17 минг нафарга яқин  шифокор ва 52  минг нафардан зиёд ҳамшираларга зарур кўрсатмалар берилган. 

“Қолаверса, аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "1003" қисқа рақамли  Саll-маркази малакали мутахассисларидан чангли ҳаводан қандай ҳимояланиш бўйича туну кун керакли маслаҳат ва тавсиялар олишлари мумкин. 

Хусусан,  бундай вазиятда нафас йўли сурункали касалликлари бор юртдошларимизга чангли ҳавода ташқарига чиқмасликларини тавсия қиламиз”, дейилади вазирлик хабарида.

ССВнинг таъкидлашича, хона ёки иншоотларни нам латта билан тозалаб туриш, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, бундай вазиятда нам сочиқларни осиб қўйиш, кондиционер ва ҳавони тозалаш тизимлари ҳам асқатади.

“Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш нафас олишни енгиллаштиради. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб туриш ҳам катта самара беради. 

Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади. 

Агар юртдошларимизда ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, тезда оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишлари лозим”, дея аҳолига тавсиялар берган ССВ.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробар ошди.

Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.

“Ўзгидромет”  кузатувларига кўра, сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай чангли ғубор ҳодисаси кузатилмаган. Синоптиклар 12 ноябргача мамлакатда ёғингарчилик кутилмаётганини, шу сабабли ҳаводаги чанг яна бир муддат сақланиб қолиши мумкинлигини маълум қилди.

Жорий йилнинг 8 ноябрь ҳолатига эса Тошкентда кузатилган қум бўронидан кейин шаҳар ҳавоси аста-секин тозаланаётгани маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

ССВ

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг