Сирдарёда ҳоким ўринбосари, Тошкент ва Фарғонада фермерлар пора билан ушланди

3-саҳифа

image

Сирдарёда ҳоким ўринбосари, Тошкент ва Фарғона вилоятида фермер хўжалиги раҳбарлари пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорга Сардоба тумани ҳудудидан 6 гектар ер майдони олиб бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари ҳамда вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси тасарруфида бўлган ва Сайхунобод тумани ҳудудида жойлашган 50 сотих ер майдонини енгил конструкция кўринишида қурилиш қилиши учун ижара шартномаси асосида расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари, жами 25 минг АҚШ доллари талаб қилади. Тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. 

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган фермер хўжалиги раҳбари хўжаликнинг 3,37 гектар ерини ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган қўшимча ер майдони – жами 7 гектар ер майдонини сирдарёлик харидорга 2 млн АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 200 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Бундан ташқари, Янгийўл туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ўғлининг номида бўлган МЧЖга инвестиция киритиш шарти билан иссиқхона қуриш учун туман ҳудудидан ажратиб берилган 2 гектар ер майдонини ҳокимият тизимидаги мансабдор танишлари орқали, 50 та коттеж қурмоқчи бўлган харидор номига ўтказиб бериш эвазига 500 минг АҚШ доллари, шунингдек, турмуш ўртоғининг номидаги МЧЖга қарашли Янгийўл шаҳрида жойлашган бино ва унинг 486 метр кв ер майдонини ҳам харидорга сотиш ва у ерда 12 қаватли уй қуриши учун масъул идоралардан рухсат олиб бериш эвазига 440 минг АҚШ доллари, жами 940 минг АҚШ доллари талаб қилган. Аммо у сўралган пул маблағидан 400 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу билан бирга, вилоятнинг Янгийўл шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган шахс алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, унга “Халқ банки”нинг вилоят филиали балансида турган ва “Е-Auksion” портали орқали савдога чиқарилган – Қуйи Чирчиқ туманидаги 13,05 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали олиб бериш эвазига 260 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 130 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Фарғона вилоятининг Қува туманидаги фермер хўжалик раҳбари эса туман ҳокимининг 2015 йилдаги қарори билан пахтачилик ва ғаллачилик йўналишида фойдаланиш учун ажратиб берилган ер майдонининг 5,5 гектар қисмини харидорга 150 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, келгусида ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилади. У сўралган жами 190 минг АҚШ долларидан 120 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент пора Сирдарё Фарғона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг