Сирдарёда тошқиннинг электр таъминотига етказган зарари қачон тўлиқ бартараф этилади?

Жамият 1755
image

“Сардоба” сув омборидаги фавқулодда ҳолат натижасида юзага келган электр энергияси таъминоти билан боғлиқ авариявий ҳолатларни 2020 йил 18 майга қадар бартараф этиш режалаштирилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, табиий офат оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарияти бошчилигида ташкил этилган Штаб ва ишчи гуруҳлар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар 2 та подстанция, 92 та трансформатор пункти ва 271,6 км электр узатиш тармоқлари, 4 937 та электр устунларини таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиб, тўлиқ ишга туширилди. Ушбу ишларга 3,8 млрд сўм соҳа маблағлари йўналтирилди.

Натижада, 7 987 та электр таъминоти узилган аҳоли хонадонларидан (сув етиб бормаган ҳудудлар аҳолисини хавфсизлик учун электр таъминотидан узиб қўйилганлар билан 12 000 дан ортиқ) 7 432 таси тўлиқ электр энергия билан таъминланди.

Сув тошқини натижасида талафот кўрган 12 та аҳоли пунктидан 10 таси тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди. 

Шунингдек, тошқин натижасида талафот кўрган электр қурилмаларини таъмирлаш бўйича тармоқ жадвали ва чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги "Сардоба" сув омбори тўғонининг ёрилиши натижасида кўплаб қишлоқларни сув босди. Тошқин қўшни Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти мақтаарал туманидаги аҳоли яшаш пунктларига ҳам зарар етказди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 2.9
t
×