Сирдарёда раққосалар амалдорларга лицензиясиз хизмат қилган — “Ўзбекконцерт”

Жамият

image

Сирдарё тумани ҳокимлиги ва тумандаги давлат идоралари мансабдорларининг ресторанда раққосалар билан дам олгани акс этган видео тарқалиши ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Видео тарқалиши ортидан зиёфатда иштирок этиб, раққосаларга пул қистирган Сирдарё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Мирзаев ва туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Сирдарё вилояти ҳокимиятининг видеолавҳа юзасидан қилган муносабатига кўра рақсга тушган ярим-яланғоч қизлар “Шов балет” раққоса қизлари бўлиб улар доимий равишда “Евро Азия” ресторанида фаолият юритиб келишган.

Аммо “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси тўғрисидаги низомининг 10-бандида республика ҳудудида юридик ва жисмоний шахслар томонидан концерт заллари, стадионлар, клублар, дискотекалар, ресторанлар, кафе-барларда концерт хизмати кўрсатаётган хонандалар, созандалар, овоз операторлари, диджэйлар, бошловчилар ва раққосаларнинг лицензиясиз фаолият юритиши тақиқланган. Шу сабабдан QALAMPIR.UZ “Шов балет” раққоса қизларининг фаолияти қонунийми ёки йўқ, деган саволга жавоб олиш учун “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг лицензиялаш бўлими  масъул ходими Эшқул Ҳакимов билан боғландик.

“Ўзбекконцерт” вакили ҳолат юзасидан муносабат билдириб, “Евро Азия” ресторанида фаолият юритаётган мазкур гуруҳнинг лицензияси йўқлигини маълум қилди.

“Биз ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борганимизда Сирдарё вилоятидаги “Евро Азия” ресторанида “номер” кўрсатаётган “Шов балет” рақс гуруҳини лицензияси йўқлиги аниқланди. Чунки “Ўзбекконцерт” томонидан лицензия бериш тартиби мавжуд бўлиб, ушбу тартиб бўйича лицензия олувчига бир қанча талаблар қўйилади. Масалан, рақс гуруҳларига лицензия беришда улар ўзларининг рақс репертуарларини кўрсатиши, ушбу рақслар миллий қадриятларга мос равишда бўлиши, одоб-ахлоқий меъёрлардан четга чиқмаслиги, ёшлар онгига таъсир қилмаслиги лозим бўлади. Муасасса ушбу ҳолатда эса “раққоса”ларнинг, яъни ярим-яланғоч ҳолда рақсга тушаётган қизларни раққоса ҳам деб бўлмайди. Бу каби ноқонуний гуруҳларда ахлоқсиз ҳаракатлар билан ресторан ва клубларда рақсга тушаётган қизлар раққоса деган номга доғ туширмоқда. Шунингдек, бундай беҳаё рақслар билан одамлардан пул йиғиши ҳеч қандай ахлоқ меъёрларига ва менталитетимизга тўғри келмайди. Бундан ташқари, бундай ахлоқсиз ҳаракатлар билан рақсга тушаётган гуруҳларга муассаса томонидан лицензия берилмайди”, дейди Ҳакимов.

У сўзида давом этиб, “Ўзбекконцерт” давлат муассаси лицензиясиз фаолият юритаётган гуруҳларга чора кўриш масаласида ваколатли ҳисобланмаслигини таъкидлади. Лицензиясиз фаолият юритаётган бундай гуруҳларга солиқ идоралари ва ички ишлар органлари масъул ҳисобланади.

“Агар Солиқ идоралари томонидан қайсидир бир гуруҳ ёки хонанда фаолияти текширилганда муасасса ушбу гуруҳ ёки хонанданиниг лицензияси бор-йўқлиги ҳақида маълумот беради, холос. Албатта, шу ўринда солиқ ва ички ишлар органларидан бу масала юзасидан ўз муносабатларини кутиб қоламиз”, дейди “Ўзбекконцерт” вакили.

Таъкидланишича, “Ўзбекконцерт” давлат муассаси лицензиясиз фаолиятга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш борасида солиқ ва ички ишлар органлири билан доимий ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлаб шундай деди:

“Бу ҳақда бир неча бор ҳудудий солиқ ва ички ишлар органларига ҳамкорлик таклифлари ҳам юборганмиз лекин афсуски ҳали ҳамон ушбу таклиф жавобсиз қолмоқда”.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасида фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу ўринда ижтимоий тармоқларда “вирус”дек тарқалиб кетган видеога Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан билдирилган муносабатга тўхталсак. Унда ҳодиса ўтган йилнинг октябрь ойида иш вақтидан ташқарида бўлгани айтилганди.

Видеолавҳа қачон, қаерда, қайси пайтда олингани муҳим эмас, гап раҳбарлар ва давлат хизматчилари ишдан кейин ҳам ўзларининг хатти-ҳаракатларини назорат қилиши кераклиги ҳақида кетмоқда. Чунки масъулларнинг ва давлат хизматчиларининг бундай видеолавҳа ёки аудиоёзувлари тарқалиши фуқаролар ўртасида амалдорларга нисбатан ишончсизлик, уларга нисбатан ҳурматнинг сустлашишига олиб келади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини белгиланган принциплар асосида амалга оширишлари лозим бўлади.

Қарорга кўра, давлат хизматчисининг асосий ахлоқий қоидалари қуйидагилар:

•    камтар бўлиш;
•    қўл остидагилар билан ҳушмуомала бўлиш;
•    одамларга кенг кўламда ўз фойдалилигини намоён этиш учун ҳокимиятга интилиш;
•    ўз ходимларини бошқарув фаолиятида қатнашиш учун фаол жалб этиш; 
•    фойдали танқидни самимий қабул қилиш ва жамоат фикрини ҳурмат қилиш;
•    қўл остидагиларга ишонган ҳолда муносабатга мойиллик, уларни ўз ҳамфикрлари деб билишдан иборат. 

Дарҳақиқат, давлат хизматчиси томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин. Давлат хизматчиси томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекконцерт раққоса

Баҳолаганлар

231

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг