Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаган шахс 20 млн сўм жаримага тортилди

3-саҳифа

image

Сирдарё вилоятида ноқонуний балиқ овлаган шахслар жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспекторлари томонидан Ховос туманида навбатдаги рейд тадбири ўтказилганди. Рейд давомида фуқаро Т.Х. тумандан оқиб ўтувчи зовурдан ов қоидаларини бузган ҳолда 4 турдаги 27 та балиқни овлагани, булардан 9 та балиқ меъёридан (5 кг) ортиқча эканлиги аниқланганди. Натижада ҳайвонот дунёсига 14 млн 960 минг сўм миқдорида зарар етказилган. 

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, табиий сув ҳавзаларида жисмоний шахсларга спорт-ишқибозлик турида 1 сутка ичида 5 килограммгача миқдорда бўлган балиқни овлашга рухсат этилади. 

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 1-қисмига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди. Т.Х. базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари — 5 млн 100 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. У қилмиши учун жами 20 миллион 60 минг сўм (жарима ва зарар) тўлайдиган бўлди.  

Маълумот учун, Экология вазирлиги ва вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан ноқонуний ов билан шуғулланишга қарши рейд тадбирлари доимий тарзда давом эттирилмоқда. Бу каби ҳуқуқбузарликлар қонуний жавобгарликка сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода Қизил китобга киритилган балиқларни овлаган шахс 2 йилга қамалганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made