Сирдарёда қон қақшаган 5 хонадон: “Ҳар куни юлдузларга қараб қайси бири дадам деяпти”

Жамият 25547

Кун сайин Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари сони ортмоқда. Уларнинг аксарияти юқори тезликда ҳаракатланиш натижасида бошқарувни йўқотиш оқибатида содир бўлмоқда. Жорий йилнинг 1 февраль куни Сирдарё вилоятида икки машина тўнашуви юз бериб, 5 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бергандик. ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари Сирдарёга жабрланганларнинг хонадонига борди. Вазиятни ўрганиб, воқеа иштирокчилари, қурбонларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. 

ИИВ ходими Жавлон Тошбоевга кўра, 19 ёшли Шоҳруҳ Беркинов йўл ҳаракати қоидаларининг қувиб ўтиш қоидаларига амал қилмай, Cobalt русумли автомашинасида ҳаракатланган. Тезлик юқори бўлгани боис бошқарувни йўқотган. Йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилиб, қарама-қарши йўналишдаги  Damas русумли автомашинанинг ён тепа қисмига бориб урилган. Damas’да бўлган 5 нафар фуқаро вафот этган. Яна икки нафари ва ҳайдовчи шифохонага ётқизилган.

Ҳодисада вафот этганлардан бири  32 ёшли Акмал Мусулмонқуловнинг турмуш ўртоғи Санобар Эрбекова воқеага ўз муносабатини билдирган.

“Фарзанд кутаётгандик. Турмуш ўртоғим шифохонага ўзим олиб бориб, ўзим олиб келаман деб юрарди. Уйимизни битказиб тўй қилмоқчи эдик. Шунча оилани қақшатди. Болаларимизни бир умрга етим қилди”, дея йиғлайди бева аёл.

Воқеага Шоҳруҳ Беркиновнинг онаси Гулбаҳор Мавлонова қуйидагича изоҳ берган: 

“Бу ҳам Худонинг иши экан. Болам бировни ўлдираман ёки бировни босиб кетаман, деб йўлга чиқмаган. Энди бу ҳалокат боламни кутиб турган эканда. Иложим йўқ. Пешонасига шу нарса ёзилган экан. Бундан қочиб қутулишнинг иложи йўқ экан”.

Лавҳани кўриб турган Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси эксперти Шоҳруҳ Беркиновнинг онасига ўз эътирозларини билдирган. Фарзандга етарли даражада тарбия, билим берилмаслини натижасида бундай ҳолатлар юз беришини айтади.  

“Энди 28 ёшга кирардилар. Ўзим 23га. Болажон эди. Маҳалламиз болаларини болам, болам дея эркалаб юрардилар. Ҳамманинг боласини эркалаган, ўзининг боласини бир марта эркалай олмади. Боласининг дадам деб орқасидан югурганини кўролмади-ку! Болам дадасини сўраса, қандай жавоб бераман? Ҳали сочларига бир дона оқ тушмаганди. Айбдор жазоланишини ва менинг ҳолимга ҳеч ким тушмаслигини истайман”, дея кўз ёшларини яшира олмаган Марҳум Дилшод Эралиевнинг беваси Ҳилола Эралиева.

Шоҳруҳ Беркиновнинг отаси Алишер Мавлонов эса ўғлини қуйидагича оқлайди: 

“Бошқа машиналарга зарар етказмай деб машинани у ёқдан бу ёққа олиб қочгандир. Зиён қиламан деб бирортасини қувмаган ҳам. Ҳаммадан ўзини олиб қочгандан сўнг иложи йўқ ўзини қарама-қарши томонга олиб қочиб кетган”, дея ўз фарзандининг ҳаракатларини оқлаган. 

Ҳали 30га ҳам кирмаган Сафарали Маҳкамовнинг аёли икки фарзанди билан қақшаб қолган. 

“У жуда ҳам меҳнаткаш, меҳрибон эди. Мен борман, сен ҳеч нарсани ўйлама дерди. Қизимизни баҳорда инглиз тили курсига бермоқчи эдик. Ўша куни боғчадан дадам қани деб йиғлаб келди. Даданг фаришта бўлиб осмонга учиб кетди дедим. Ҳар куни юлдузларга қараб қайси бири дадам, бизга қараб турибдими деяпти”, дейди Муҳайё Маҳкамова.

Лавҳада QALAMPIR.UZ мухбири Баҳодир Аҳмедов ҳам ўз хулосаларини айтиб ўтган. Бу ҳолат кўпинча тўқликка шўхликдан келиб чиқиши, ҳолатни айбланувчининг яқинлари юракдан ҳис қилмаётгани учун оддийгина фалокатга йўяётганини танқид остига олган.

Мухбирнинг Шоҳруҳ Беркиновнинг отаси Алишер Мавлоновга вафот этганларнинг яқинларидан хабар олган-олмаганлиги ҳақидаги саволига қуйидаги мазмунда жавоб берган: 

“Бора олганим йўқ. Ҳозирги вақтда боришим мумкин эди, лекин ҳолатни ортга қайтара олмасдим. Тириклар учун курашишни хоҳлаб, уларнинг атрофидан кета олганим йўқ. Шифохонада даволанаётганларнинг олдидан кета олганим йўқ. Кейинроқ албатта бораман”, деб айтган.

Йўл транспорт ҳодисасига “Хўжа алламбардар” жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳмонберди Раҳмонов ҳам ўз муносабатини билдирган: 

“Етим қолган 12 гўдакнинг ноласи Аллоҳнинг Аршига етиб боради. Кўкни ларзага келтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ҳадиси шарифда келтирилишича, “Ким зарар етказса, Аллоҳ уни зарарга қўяди. Ким одамларга машаққат туғдирса, Аллоҳ уларни машаққатга қўяди” деб марҳамат қилганлар. Баъзи бир мусулмон мамлакатларда 120 километр соат тезликдан юқори тезликда ҳаракатланиб автоҳалокат натижасида вафот этса, ўша инсонга жаноза буюрилмайди. Бу билан ўзини-ўзи ҳалокатга ташлайди. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда “ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг” деб айтган. Бундай юқори тезликда нима топиш мумкин? Аллоҳ мўтадил ҳаракатланишга чақиради. Расулуллоҳ бошқа ҳадисида тез юриш мўминнинг зийнатини кетказишини айтганлар. Динимизда била туриб зарарга бориш ҳам йўқ”.

Маълумотларга кўра, биргина ўтган январь ойининг ўзида Республика бўйлаб ЙТҲда ҳалок бўлганларнинг сони 114 кишини ташкил қилади. Агар шу ҳол давом этса, февраль ойида бу кўрсаткич ошиши мумкин экан. Юқоридаги Сирдарёдаги мудҳиш ҳолатдан хулоса чиқарайлик. Ўзбекистонда бевалар ва етимлар сони ошишини олдини олайлик.
 

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 416
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×