Сирдарё ва Андижонда солиқчилар пора билан ушланди (видео)
3-саҳифа
−
15 Ноябрь 5172 2 дақиқа
Сирдарё ва Андижон вилоятларида Солиқ бошқармаси инспекторлари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йил 7 ноябрь куни Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси бош инспектори Сирдарё туманида фаолият юритувчи МЧЖда ўтказилаётган текширув жараёнида солиқдан 400 млн сўм миқдорида қарздорлик борлигини аниқлаган.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосда бундай ҳолатлар учун аслида қонунчиликда маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, ўзининг ёрдамини таклиф этган Солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи бош инспектор билан келишган ҳолда ушбу қарздорликни 90 млн сўмгача камайтириб беришни ваъда қилган.
У хизмати эвазига 1 минг 500 доллар миқдоридаги пулни олган вақтида ДХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, солиқ қарздорлигини айтилган суммага камайтириш бўйича расмийлаштирилган тегишли далолатномани жамият раҳбарига берган вақтида бош инспектор ҳам процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда мазкур солиқ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “в” ва “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Навбатдаги ҳолатда, Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг бўлим инспектори вилоятнинг Улуғнор туманида қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи МЧЖнинг юридик манзилини ўрганиш бўйича текширув олиб боради. Натижада, у МЧЖ тегишли манзилда фаолият юритмаётгани, ҳисоботда кўрсатилган қолдиқдаги товар-моддий бойликлар бўйича бир қатор номутаносибликлар борлигини аниқлайди. У ҳолатга оид далолатнома расмийлаштириб, жамиятнинг банк ҳисоб рақами орқали амалга ошириладиган операцияларни тўхтатиб қўяди.
Аммо ушбу солиқ инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, аниқланган камчиликлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомасини расмийлаштирмаслик ҳамда банк ҳисоб рақамига қўйилган тақиқни олиб ташлашини айтиб, МЧЖ ҳисобчисидан 500 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати, Солиқ қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ идораси ходими 6 млн сўм эквивалентидаги пул маблағини ўзининг қариндошларига тегишли 2 та банк пластик картасига ўтказиб олган вақтида ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи турли қурилиш лойиҳаларини тасдиқлаб бериш эвазига пора талаб қилганди.
Live
Барчаси