Синвар ўлимидан аввал 72 соат давомида овқат емаган – экспертиза
Олам
−
13:37
5354Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати собиқ етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилишидан олдин уч кун давомида ҳеч нарса истеъмол қилмагани аниқланди. Бу ҳақда “Mehr News Agency” хабар берди.
Исроил Миллий суд экспертизаси институти директори Хен Кугелга кўра, Синварнинг шахсини тасдиқлаш мақсадида бармоқ ампутацияси орқали ДНК намунаси олинган. Бу Синварнинг 22 йил давомида Исроил қамоқхонасида бўлган давридаги тиббий картаси борлиги учун амалга оширилган. ҲАМАС етакчиси 2011 йилда асирлар алмашиш доирасида озод этилганди.
“Синвар миянинг жиддий шикастланишига олиб келган ўқ жароҳатидан сўнг, яна бир неча соат яшаган”, дейди Кугел.
Маълумот учун, Синвар 61 ёшида, жорий йилнинг 17 октябрь куни исроиллик аскарлар томонидан ўлдирилганди. У ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги раҳбари, ташкилотнинг ҳарбий қаноти ва ички хавфсизлик бўлинмаси асосчиларидан бири бўлган. У Исроил томонидан уч марта – 1982, 1985 ва 1988 йилларда ҳибсга олинган. 2011 йилда у Исроил қамоқхонасидан ЦАХАЛ аскари Гилад Шалитни фаластинлик асирларга айирбошлаш доирасида озод қилинган. 2012 йилда у Сиёсий бюрога сайланган. 2017 йилда эса у Исмоил Хония ўрнига Ғазо секторидаги ҲАМАС етакчиси бўлди. Хония 2024 йил июль ойи охирида Теҳронда ўлдирилган, шундан сўнг Синвар ҲАМАС сиёсий бюросининг янги раҳбари бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС ҳаракатининг ташқи идораси раҳбари Холид Машъал ташкилотнинг янги раҳбари бўлганди. У ҳаракатнинг вақтинча раҳбари лавозимини эгаллаган ҳамда эндиликда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда иштирок этаётган асосий томонлар билан кечадиган барча алоқалар учун жавобгардир. Лекин ҲАМАС расмийлари унинг лавозимга тайинлангани ҳақида ҳалигача расмий баёнот бермаган.
LiveБарчаси