Сиднейдаги шоуда 90 га яқин дрон қулаб тушди (видео)
Олам
−
15:49 2292 1 дақиқа
Австралияда “Vivid Sydney” фестивали давомида техник носозлик туфайли 90 га яқин дрон тўсатдан бандаргоҳга қулаб тушди. Ташкилотчилар бир нечта шоуларни бекор қилди ва тўлиқ текширув бошлади. Бу ҳақда “News.com.au” хабар берди.
Ҳодиса 25 май оқшомида Дарлинг-Харбор ҳудудида ўтказилаётган “Star-Bound” эрталабки шоуси вақтида юз берган. Кокл-Бей кўрфази узра осмонда порлаб турган дронлар гуруҳи учиб кетаётган бўлган, бироқ бироз вақт ўтгач, аппаратларнинг бир қисми сафдан ажралиб, сувга қулай бошлаган. Воқеа жойидан олинган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган. Кадрларда дронлар бошқарувни йўқотаётгани, томошабинлар эса ҳайрат билан муносабат билдираётгани акс этган.
Ушбу воқеадан сўнг ташкилотчилар бир нечта шоуларни бекор қилган. Уларнинг сўзларига кўра, бу тўлиқ техник текширув ўтказиш учун зарур.
Шоу учун масъул бўлган “SkyMagic” компаниясининг маълум қилишича, бунга дронлар ҳавога кўтарилганидан кейин “радиочастота муҳитининг кутилмаганда ўзгариши” сабаб бўлган. Шу боис, дронларнинг бир қисми фавқулодда қўниш режимини ишга туширган.
Операторлар вазиятни баҳолаш ва соз ҳолатдаги аппаратларни ерга хавфсиз қайтариш учун ҳаводаги бутун дронлар гуруҳи ҳаракатини зудлик билан тўхтатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида авиация-кимёвий ишларни бажараётган Ан-2 самолёти ҳалокатга учраган эди.
Live
Барчаси