Си Цзиньпин кейинги ҳафтада Жанубий Африкага боради
Олам
−
18 Август 2023 3007 2 дақиқа
Хитой раҳбари Си Цзиньпин 21-24 август кунлари BRICS’нинг 15-саммитида иштирок этиш учун Жанубий Африкага боради. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чунин маълум қилди.
“Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафосанинг таклифига биноан ХХР раиси Си Цзиньпин 21-24 август кунлари ЖАРда расмий ташриф билан бўлади ва Йоханнесбургда бўлиб ўтадиган BRICS 15-саммитида иштирок этади”, дейилади хабарда.
Хуа Чуниннинг аниқлик киритишича, Си Цзиньпин саммит давомида Рамафоса ва BRICS'га аъзо мамлакатларнинг бошқа етакчилари билан ҳам учрашувлар ўтказишни режалаштирган.
Маълумот учун, BRICS таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка киради. Ташкилотга аъзо давлатлар саммити 22-24 август кунлари бўлиб ўтади. Тадбирда Россия Президенти Владимир Путин видео ҳавола орқали иштирок этади. Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шахсан саммитда қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bloomberg” агентлиги ҳукуматдаги манбаларга таяниб, Ҳиндистон ва Бразилия BRICS’нинг кенгайишига қарши экани ҳақида хабар берган эди. Бироқ орадан кўп ўтмай икки давлат расмийлари ҳам буни рад этди. Нью-Деҳлидаги ImagIndia Institute таҳлил маркази президенти Робиндер Сачдев эса BRICS ташкилоти 20 аъзога қадар кенгайиши ва "Шарқда пайдо бўлган" Йигирмалик Гуруҳига (G20) айланишини прогноз қилди.